Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маданият вазири Озодбек Назарбековнинг тўйда қўшиқ айтиб, пул ("қистир") олганлиги ҳолати юзасидан расмий маълумот берди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бу ҳолат акс этган видео баҳсларга сабаб бўлганди. Агентлик вазирга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллашни талаб қилмоқда.
Агентлик Вазирлар Маҳкамасига махсус сўровнома юборган. Маданият вазирлиги ушбу вазиятни "миллий урф-одат" ва "орзу-ҳавас" деб изоҳлаганига қарамай, бу қонунбузарлик деб баҳоланган. Бу ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Batafsil.uz мухбирига хабар берди.
Ташкилот ўз сўровномасида қуйидаги ҳуқуқий асосларни келтириб ўтган:
"Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонуннинг 13-моддасига кўра, давлат хизматчиси педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сон қарорига биноан, давлат хизматчиси ишдан ташқари вақтда ҳам давлат хизматининг обрўсига путур етказадиган ҳаракатлардан тийилиши ва жамоатчилик танқидига учрамаслик чораларини кўриши шарт.
Қоидаларнинг 29-бандида одоб-ахлоқ меъёрларини бузиш интизомий жазо қўллаш учун асос бўлиши белгиланган.
Аксилкоррупция агентлиги ҳукуматдан О.Назарбековни интизомий жавобгарликка тортиш ва келгусида қонунчиликка риоя қилиши ҳақида қатъий огоҳлантириш масаласини кўриб чиқишни сўраган.
Шунингдек, маълум қилинишича, Президентнинг 2025 йил 30 декабрдаги фармони билан Агентликка давлат органларидаги одоб-ахлоқ комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштириш ваколати берилган. Бундан буён давлат хизматчиларининг бу каби хатти-ҳаракатлари агентлик томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилади.

Изоҳлар мавжуд емас