Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугун тошкентлик сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда Шавкат Мирзиёев хусусий боғча ва мактабга бораётган болаларнинг ота-онасига солиқ имтиёзларини беришни таклиф қилди. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
"Айрим мактабларда бир синфда 45-50 тагача бола ўқишини яхши биламан. Фарзандини давлат боғчасига бериш учун ўз навбатини ойлаб, ҳатто йиллаб кутган оилалар бор. Шунинг учун болаларини хусусий боғча ва мактабга юборган ота-оналар биздан имтиёз кутишмоқда", - деди у.
Мавжуд вазиятни ўзгартириш учун президентликка номзод хусусий мактаб ва болалар боғчаларида ўқитиш тўловининг ойига 3 миллион сўмгача бўлган маблағидан даромад солиғи ундирмасликни таклиф қилди. Бу дегани, ҳар бир шундай тўловдан ойига 400 минг сўмгача маблағ тежалиши мумкин.
Шунингдек, президентликка номзод Ўзбекистондаги ҳар бир талаба ойига 5 гигабайт бепул интернет олишига ваъда берди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Тошкентда жамоат транспорти ва йўлларни режалаштириш тизимида туб ўзгаришлар бўлиши ҳақида айтди.
Изоҳлар мавжуд емас