Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида арзон уй-жойларга эга "Янги Ўзбекистон" массивлари яратилади. Шавкат Мирзиёев янги массивлардаги уй-жой нархини бир квадрат метри ўртача 4,5 миллион сўм атрофида сақлаб туришни буюрган. Бу ҳақда Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
Бу бир кун аввал аҳолини уй-жой билан таъминлашга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши якунлари бўйича маълум бўлган.
Мамлакатимизда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳ рўйхатга олинади. Аҳоли сони келгуси беш йилда 38 миллион кишига етиши кутилмоқда. Шунга кўра, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш учун уй қурилиш кўламини кенгайтириш зарур.
Президент “Янги Ўзбекистон” массивларини комплекс ривожлантириш тамойили асосида қуриш кераклигини таъкидлади. Яъни, ҳар бир массивда бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш объектлари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма қурилади. Келгуси йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 40 та ана шундай замонавий турар-жой мажмуаси қурилиши режалаштирилган.
"Бағдод туманидаги янги массивни кўрдингиз. Тайёр лойиҳа мавжуд, тажриба бор. Энди бу лойиҳани ҳар бир ҳудудга мослаштириш керак. Очиқ танловни ўтказиш жуда муҳимдир. Агар ҳамма нарса очиқ ва ҳалол бўлса, сифатли бажарилса, одамлар олдида уятга қолмайсиз", - деди Мирзиёев.
Қурилиш вазирлигига вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда ҳар бир ҳудудда ер участкаларини аниқлаш ва уларнинг бош режасини ишлаб чиқиш топширилди. Келгуси йилда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши доирасида ипотека кредитлари бериш учун банкларга 15 триллион сўм ажратилади. Қурилиш ишлари инвесторлар ҳисобидан амалга оширилади.
Президент кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни дастлабки тўлов ва фоиз тўловлари учун субсидиялар бериш муҳимлигини таъкидлади.
Давлат кам таъминланган оилалар ва ёлғиз аёллар учун янги массивлардан мингта хонадон сотиб олади. Ушбу мақсадлар учун қурилиш ташкилотларига олдиндан 220 миллиард сўм кўчирилади.
Бундан ташқари, янги массивларни ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлаш учун ҳар йили бюджетдан 1 триллион сўм ажратилади.
Келгуси йилдан бошлаб цемент ишлаб чиқарувчиларнинг фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача, минерал ресурслардан фойдаланганлик учун солиқ эса 2 баробар камайтирилади. Шу билан бирга, цемент импортига имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади. Бунинг натижасида уй-жой нархи сезиларли даражада камайиши керак.
Изоҳлар мавжуд емас