Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева кунлар совиши коронавирус инфекциясининг фаоллашиши ва касаллар сонининг ошишига сабаб бўладими, деган саволга жавоб қайтарди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
“Кунлар совиган сари сурункали, вирусли ва юқумли касалликлар қўзиши билан коронавирус касаллигининг ҳам мутацияси кучайиб бориши таъкидлаб келинмоқда. Бир йил олдинги коронавирус илк бор аниқланган вақт ҳам кузнинг охири ва қиш ойларига тўғри келган эди. Шундан хулоса қилиш мумкинки, ҳавонинг нам ва совуқ бўлиши вируснинг инсон организмига тушиш имкониятини кучайтириб беради. Совуқ ҳарорат инфекциянинг инсон организмидаги суюқлик таркибида кўпроқ яшаш имкониятини беради”, - деди мутахассис.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, шуни унутмаслик керакки, ташқи муҳит ҳарорати манфий даражага тушиши билан инсон организми ҳарорати пасайиши, иммун тизимининг кучсизланиши кузатилиши мумкин. Организмнинг совуқ қотган тўқималари ўз фаолиятини тиклаши учун кўп энергия керак бўлади. Инсон танасининг оқсиллар, углеводлар, витаминлар ва турли микроэлементларга эҳтиёжи ортади. Бу эса касалликка чалиниш эҳтимолини оширади. Шу сабабли куз-қиш мавсуми мавсум кўп касалликлар қўзғаладиган давр ҳисобланади.
“Организмда коронавирусдан ташқари бошқа касалликлар ҳам мавжуд бўлса, бу вирусни аниқлаш ва даволашда қийинчиликлар туғдиради. Бу айниқса бактериал инфекциялар ва бронхиал касалликларга тегишлидир”, - дея таъкидлади у.
Мутахассис, шунингдек, совуқ кунларда коронавируснинг хавфини камайтириш бўйича ўз тавсияларини ҳам билдириб ўтди.
“Бундай шароитда аҳолидан ўз иммун тизимини мустаҳкамлаш учун кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилиши, одамлар кўп тўпланадиган жойлардан иложи борича сақланишини сўраб қоламиз. Тиббиёт ниқоблари ҳозирда касалликдан ҳимояланишда энг самарали восита бўлиб турибди. Уларни мунтазам тақиб юриш талаб этилади. Шамоллаш аломатлари сезилган дастлабки кунларданоқ шифокорга мурожаат қилиш ва уни олдини олиш чораларини кўришни маслаҳат берамиз. Профилактика мақсадида кўпроқ томоқни чайиб туриш, С витамини билан тўйинган маҳсулотлар, шунингдек, наъматакли, лимонли ва бошқа гиёҳли дамламаларни мунтазам истеъмол қилиб туришни тавсия этамиз”, -деди у.
Изоҳлар мавжуд емас