Загрузка
Загрузка
Назарбекдаги транспорт муаммосига расмий муносабат билдирилди
Жамият

Назарбекдаги транспорт муаммосига расмий муносабат билдирилди

28
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Тошкент вилоятининг Назарбек ҳудудида жамоат транспорти етишмаслиги ва автобусларни узоқ кутиш ҳақидаги шикоятлардан сўнг пойтахт транспорт бошқармаси учта янги автобус йўналишини ташкил этиш режасини маълум қилди. Хитойда ишлаб чиқарилган 54 та автобусни 2026 йил ноябрь ойининг охиригача олиб келиш кутилмоқда. Янги йўналишлар Тошкент ва Зангиота туманларини пойтахт билан боғлаши режалаштирилган.

Аввалроқ Назарбек аҳолиси, жумладан, мактаб ўқувчилари ва талабалар автобусларни бир соатдан ортиқ кутишга мажбур бўлаётгани ҳақида ёзган эдик. Мурожаатларда тиғиз вақтларда автобуслар одамга тўлиб келаётгани, йўналишли таксиларда эса йўловчилар сиғимдан ортиқ ташилаётгани айтилганди. Аҳоли янги сиғимли автобуслар ажратиш, қатновлар сонини ошириш ва ҳаракат жадвалига амал қилинишини таъминлашни сўраган эди.

Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси маълум қилишича, ҳозирда Зангиота туманини пойтахт билан боғлайдиган 15 та автобус йўналиши брутто-шартнома асосида ишламоқда.

Жумладан, 134-йўналишда 11 та катта сиғимли автобус ҳаракатланиб, кунига 134 та қатновни амалга оширади. Автобуслар оралиғидаги ўртача вақт 13 дақиқани ташкил этади. 135-йўналишда эса тўққизта автобус кунига 119 та қатновни амалга ошириши режалаштирилган, ҳаракат интервали 14 дақиқа деб кўрсатилган.

Бироқ аҳоли шикоятларида амалдаги қатнов жадвалига риоя қилинмаётгани ва автобуслар етишмаётгани айтилган. Бош бошқарма эълон қилган муносабатда эса янги автобуслар келиши билан вазиятни яхшилаш режаси баён қилинган.

"Келес Ренессанс" масъулияти чекланган жамияти Хитойнинг ZHONGTONG компаниясидан 54 та автобус харид қилиш бўйича шартнома тузган ва дастлабки тўловларни амалга оширган. Автобуслар ноябрь ойи охиригача етиб келиши кутилмоқда.

Янги транспорт воситаларини қуйидаги йўналишларга бириктириш режалаштирилган:

  • 162-йўналиш — Қушқўнди маҳалласи — Чорсу савдо маркази автостанцияси;

  • 163-йўналиш — Тўқимачи маҳалласи — Чорсу савдо маркази автостанцияси;

  • 167-йўналиш — Тошкент жамоа хўжалиги — Чорсу савдо маркази автостанцияси.

Хусусан, 163-йўналиш Тўқимачи маҳалласи, Назарбек ва Тарнов ҳудудлари, Шифобахш сувлар ҳамда Беруний кўчаси орқали ўтиши кўзда тутилган.

Бошқарма янги йўналишлар пойтахтга қатнов имкониятини кенгайтириши, автобус кутиш вақтини қисқартириши ва мавжуд йўналишлардаги юкламани камайтиришини кутмоқда.

Шу билан бирга, автобусларнинг аниқ ишга тушиш санаси, янги йўналишлардаги ҳаракат интервали ва аҳоли шикоятларида кўтарилган жадвалга амал қилиш ҳамда йўловчилар хавфсизлиги масалалари бўйича қўшимча маълумот берилмаган. Демак, ҳозирча расмий муносабатда муаммони ҳал қилиш режаси эълон қилинган, унинг амалдаги натижаси эса янги автобуслар келиб, қатновлар бошланганидан кейин маълум бўлади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...