Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. UzPost Wildberries томонидан 360 миллиард сўмгача фоизсиз қарз маблағларини жалб қилиши мумкин. Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродовнинг айтишича, маблағ жалб қилиш бўйича дастлабки келишув жараёни кетмоқда. Шу сабабли Wildberries вакиллари ва мустақил экспертлар UzPost кузатув кенгашига киритилган.
Идора раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирда ушбу масала бўйича дастлабки келишув жараёни кетмоқда.
Молиявий ресурслар Wildberries томонидан тақдим этилиши кўзда тутилгани сабабли, платформа вакиллари ва мустақил экспертлар UzPost кузатув кенгаши таркибига жалб этилган.
Бундан кўзланган асосий мақсад — электрон тижорат ва логистика соҳасидаги халқаро тажрибани татбиқ этиш, почтанинг 1 600 дан ортиқ тарқатма нуқталаридан иборат инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ва рақобатбардошликни оширишдан иборат.
Матбуот анжуманида, шунингдек, UzPost ни хусусийлаштириш бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилинмагани, корхона ижро органи ва акциядорлар таркиби ўзгаришсиз қолиши билдирилган.
Маъмурий жарималарни қоғоз шаклида етказиб бериш хизмати рақамлаштирилгани сабабли почта йилига 50−60 миллиард сўмлик даромад манбаини йўқотган эди. Янги жалб этиладиган ресурслар ва замонавий корпоратив бошқарув механизмлари ана шу молиявий йўқотишлар ўрнини тўлдиришга қаратилади.
Аввалроқ UzPost ижтимоий тармоқларда компаниянинг хусусийлаштирилгани ва 100 миллиард сўм қарз олгани тўғрисида тарқалган хабарларни асоссиз деб баҳолаб, уларни рад этганди.

Изоҳлар мавжуд емас