Нидерландияликлар Амерсфортдаги ўзбек ҳарбий асирлар суратини Иккинчи жаҳон урушининг энг таъсирчан фотосуратларидан бири деб  топишди
Жамият

Нидерландияликлар Амерсфортдаги ўзбек ҳарбий асирлар суратини Иккинчи жаҳон урушининг энг таъсирчан фотосуратларидан бири деб топишди

1441

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Голландияда "Иккинчи Жаҳон уруши 100та фотосуратда" номли лойиҳа тақдим этилди. Унда Амерсфортдаги ўзбек ҳарбий асирларининг фотосурати энг таъсирли кадрлардан бири сифатида тан олинди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.

Уруш бошида бир гуруҳ ҳарбий асирлар Голландиядаги Амерсфорт лагерига олиб келинган. 101 нафар ўзбек аскарлари осиёлик қиёфага эга бўлгани туфайли тарғибот учун жонли материал сифатида танланган. Расмда улардан иккитаси акс эттирилган. Олти ой давомида 24 аскар очлик, касаллик ва аёвсиз муомаладан вафот этган, қолган 77 киши немислар томонидан 1942 йил 9 апрелда отиб ташланган.

Ҳарбий асирларнинг суяк қолдиқлари Леузден шаҳридаги Совет шон-шараф майдонида дафн этилган. "Совет шон-шараф майдони" директори Ремко Рейдингнинг сўзларига кўра, йиллар давомида олиб борилган қидирувга қарамай, марҳумларнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаган. Ўзбек аскарлари ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Мазкур фотосурат уларнинг мавжудлигини тасдиқловчи ягона далилдир. Бу эса ўз навбатида унинг юсксак аҳамияти ва қайғулигини ҳис этишга мажбур қилади.

Ремко Рейдингнинг айтишича, суратнинг Нидерландияда олинган Иккинчи жаҳон урушининг энг таъсирчан 100 та фотосуратлари рўйхатига киритилгани маҳбусларнинг фожеали тақдирига эҳтиром кўрсатишга имкон беради.

Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги элчихонаси маълумотларига кўра, Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилалётган "Иккинчи жаҳон уруши 100 фотосуратда" мавзусидаги лойиҳа “Иккинчи жаҳон уруши платформаси" ташкилоти буюртмасига асосан Нидерландиянинг уруш, холокост ва геноцидни ўрганиш институти томонидан амалга оширилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан танланган расмлар "Иккинчи Жаҳон уруши 100 та фотосуратда" китобида чоп этилган. 4-май куни NPO2 каналида "Уруш ҳақидаги 100 сурат" номли телекўрсатув намойиш этилиб, унда лойиҳа ташаббускорлари - тарихчилар Лаурин Вастенхаут ва Эрик Сомерс фотосуратлар ва китобнинг яратилиши ҳақида айтиб беришган.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...