Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёевга ёқилғи-энергетика соҳасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларда кўтарилган муаммоларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бартараф этиш юзасидан ахборот берилди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида соҳага оид 39 минг 220 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,1 фоизга кам. Мурожаатларнинг ярми табиий ва суюлтирилган газ, 38,3 фоизи эса электр таъминоти билан боғлиқ бўлган.
Давлат раҳбари ҳар бир мурожаатни муайян ҳудуд ёки тармоқдаги тизимли муаммони кўрсатувчи муҳим сигнал сифатида ўрганиш зарурлигини таъкидлаган. Шу муносабат билан такрорий мурожаатлар кўп келаётган маҳалла ва объектларда электр ҳамда газ тармоқларининг техник ҳолатини ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича манзилли режалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, электр тармоқлари ва трансформаторларни таъмирлаш, авария бригадаларининг шайлигини ошириш, табиий газ босимини барқарорлаштириш, суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказиб бериш ҳамда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини ёқилғи ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилган.

Изоҳлар мавжуд емас