Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мамлакат раҳбарининг фармонига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар қилишича, Ўзбекистонда Тошкент шаҳри ва вилоятида уй-жой сотиб олиш борасида прописка талаби ниҳоят бекор қилинди.
Ҳужжатнинг асосий қисмларини тақдим этамиз.
Прописка ва рўйхатга олиш
Энди давлатимизда “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилади.
Фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилади.
Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланади.
Оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш мумкин бўлади
Илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, уларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олишга рухсат берилади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади.
Уй-жойни харид қилиш ва сотиш
2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди.
Шуниси муҳимки, республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартибини бекор қилинмоқда.
Рўйхатга қандай олинади?
Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар “ягона дарча” тамойили асосида “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилиб, қуйидаги саналарда бошлаб юборилади:
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан.
Таъкидлаш жоизки, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.
Янги тартиблар
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда:
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;
- доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилади;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;
- доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда ҳарбий хизматга мажбурларнинг мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориши тартиби бекор қилинади;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди;
- туғилган болага фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумотларни киритиш йўли билан уни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий қилинади;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва у паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди.
Изоҳлар мавжуд емас