Загрузка
Загрузка
Жамият

"Ralli Moʻynoq 2026": Экстремал спорт, катта мукофотлар ва янги мақсадлар

12
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қорақалпоғистоннинг қуриган Орол денгизи туби ва Устюрт платосида бўлиб ўтган "Ralli Moʻynoq 2026" Ўзбекистон очиқ чемпионати нафақат спортчиларнинг маҳорат майдонига, балки мамлакатимизда спорт ва экстрим-туризмни ривожлантиришнинг муҳим платформасига айланди. Бу ҳақда "Ватанпарвар" ташкилоти раҳбари ўринбосари,техник ва амалий спорт турлари бўйича республика маркази бош директори Анвар Қурбониёзов маълум қилди.

Анвар Қурбониёзовнинг сўзларига кўра, мусобақанинг бош мақсади — ёшларни спортга жалб этиш, уларнинг кўчаларда "мажорлик" қилиши ёки бефойда машғулотларга берилишининг олдини олишдир.

"Бизда махсус трассалар, спорт марказлари ва клублар бор. Ёшлар йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, кўчаларда тажриба ўтказгандан кўра, спорт майдонларида ўз маҳоратини кўрсатгани маъқул", — дейди ташкилотчи.

Тадбир Президент қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистонда экотуризмни ривожлантириш ва хорижий меҳмонларни жалб қилиш вазифасини ҳам бажармоқда. Ўтган етти йил давомида иштирокчилар географияси кенгайиб, яқин хориж (Қозоғистон, Қирғизистон, Россия) спортчиларида ҳам қизиқиш ортмоқда.

Жорий йилда чемпионатда 48 та автоэкипаж, 20 дан ортиқ мотоциклчи ва 10-12 та багги ҳайдовчиси иштирок этди. Спортчилар бешта тоифа бўйича беллашишди:

  • Автомобиллар: A8 (1600 см³) ва A9 (2000 см³) синфлари.

  • Мотоцикллар: 125 см³ ва 500 см³ гача бўлган синфлар.

  • Багги: Алоҳида тоифа.

Ҳар бир синфда шоҳсупага кўтарилган ғолиблар фақатгина диплом ва медаль билан эмас, балки салмоқли пул мукофотлари билан ҳам тақдирландилар. Хусусан, автомобиллар тоифасидаги биринчи ўрин учун 120 миллион сўм мукофот пули берилди.  Мотоцикл тоифасидаги ғолибларга эса 20 миллион сўм мукофот пули берилди.

Мусобақада биринчи ўринни эгаллаган спортчиларга "Ўзбекистон спорт устаси" унвони берилади. Бу тадбирни ташкил этишда "Ватанпарвар" ташкилоти ўзининг техник базаси ва маблағларидан фойдаланса, Туризм қўмитаси совриндорларни рағбатлантириш учун маблағ ажратади.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, "Ватанпарвар" маркази фақат автоспорт билан чекланиб қолмай, ракета моделизми, биатлон, отиш ва парашют спорти каби 28 та техник ва амалий спорт турини ўз ичига олади. Бу эса мамлакат ёшларини техник билим ва спортга йўналтиришда катта ўрин тутади.

Мотокросс бўйича 20 йиллик тажрибага эга навоийлик Богдан Сатурян учун пойга  бу фақат тезлик эмас, балки кучни тўғри тақсимлаш санъатидир дея ўз ҳиссиётларини тушунтириб берди.

"Агар пойга бошида жуда тез ҳаракат қилиб, кейин кучингиз қолмаса, маррага кеч етиб келасиз. Энг муҳими – пойга давомида бир маромда, барқарор ҳаракатланиш", — дейди у. Спортчининг фикрича, натижа 50% техникага, 50% эса пойгачининг маҳоратига боғлиқ. Ҳатто энг янги мотоцикл ҳам моҳир бўлмаган ҳайдовчи қўлида ғалабани таъминлай олмайди. Мўйнаққа тўртинчи бор келаётган Сатурян бу ерни ўзининг касбий маҳоратини оширадиган маскан деб билади.

"Pro-Ge Pro" жамоаси аъзоси, Ўзбекистон кўп карра чемпиони Николай Саев учун эса автоспорт — бу шунчаки техникани бошқариш эмас, балки ҳаёт мазмунидир. 15 йилдан буён ушбу спорт тури билан шуғулланиб келаётган Саев 500 километрлик масофани босиб ўтишда "омад"нинг ўрни беқиёс эканини таъкидлайди. 2021 йилги илк иштирокида техника носозлиги сабаб йўлда қолиб кетган пойгачи, бу йил натижасини яхшилашга интилмоқда.

 Кўпчилик 1500 километр йўл босиб, экстремал шароитда пойга ўтказишни "ақлдан озганлик" деб ўйлаши мумкин, аммо спортчилар учун бу — бошқа ҳеч қаерда топилмайдиган ҳис-ҳаяжондир.

Николай Саев оддий машина ҳайдаш билан спорт пойгаларини солиштириб бўлмаслигини, автоспортда ҳар бир бурилиш ва дақиқа махсус, йиллар давомида шаклланган кўникмаларни талаб қилишини алоҳида қайд этади.

Мўйноқ саҳросидаги бу йилги ралли автоспорт усталарини бирлаштирди. Богдан Сатуряннинг барқарорликка асосланган стратегияси ва Николай Саевнинг адреналинга тўла фидойилиги — бугунги ўзбек автоспортчиларининг асосий қуролидир. Уларнинг ҳар иккиси учун ҳам Мўйноқ — бу нафақат соврин, балки олдинга интилиш ва кучли рақиблар билан беллашиш майдонидир.Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...