Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА.Металлургия саноат ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланган давлатларда иқтисодиётнинг ҳал қилувчи тармоғи ҳисобланади. Айнан металлургия бошқа соҳаларга ҳам глобал бозорда устуворлик қилишга, хусусан сифатли прокат ишлаб чиқаришга кўмаклашади.
Бугунги кунда металлургия маҳсулотининг энг яхши турлари АҚШ, Япония, Россия ва Ғарбий Европа давлатларида ишлаб чиқарилади. Бу давлатлар ишлаб чиқарувчилари ички бозор талабларини қондирибгина қолмай, балки хорижга юз миллионлаб долларга тенг бўлган прокатни экспорт қилиб келишмоқда. Дунё миқёсида сифатли прокатга эҳтиёж ортиб бораётганлиги ҳам соҳа долзарблигини белгилаб бермоқда.
Кейинги ўн йилликлар давомида янги йирик корхоналар пайдо бўлмаётганлиги боис, мазкур тармоқда маълум даражадаги танқислик сезилмоқда. Бунинг сабаби оддий – янги металлургия қувватларини ишга тушириш жуда қиммат лойиҳа ҳисобланиши учун фақатгина ривожланган иқтисодиёт ва инфратузилмага эга бўлган давлатлар бунга қўл уриши мумкин. Шунга асосан, Тошкент металлургия заводини яратиш бўйича сифатли ва самарали лойиҳа Ўзбекистон учун ўта муҳимдир.
Мутахассисларнинг баҳолашича, янги завод стратегик аҳамиятга эга бўлади. Чунки унда қурилиш индустрияси учун коррозияга қарши ҳимоя қатламига эга бўлган совуқ босимли металл ишлаб чиқарилади.
Яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, айни пайтда Ўзбекистонда импорт ўрнини босиш ва маҳаллийлаштириш дастурлари фаол амалга оширилмоқда. Бу вазифанинг маълум қисми Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган ТМЗ зиммасига юклатилади. Унинг ишга туширилиши републиканинг металлургия маҳсулотига бўлган импорт тобелиги камайтириб, индустриал салоҳиятини сезиларли даражада оширади.
“Маҳаллий металлургия ҳақида сўз кетганда, бу соҳа глобал трендларга мувофиқ ривожланаётганлигини айтиш мумкин. Бунга мисол тариқасида “Ўзметкомбинат”, ОТМК, НТМК ва бошқа ривожланиб бораётган заводларни кўрсатиш мумкин. Умуман олганда, кейиги 2-3 йилда металлургия том маънода илгарилаб бормоқда. Бу жараённинг асосини албатта, фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги ташкил этади. Маҳаллий металлургиянинг ўсиши учун ТМЗ таянч нуқта вазифасини бажариши шубҳасиздир", – деб таъкидлади Тошкент давлат технология университети тоғ иши ва металлургия факультети декани Соҳибжон Маткаримов.
Тошкент металлургия заводининг лойиҳа-қурилиш ишлари МДҲ давлатлари орасида етакчи ҳисобланган Россиянинг “МетПром” компаниялари гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда. Объект қурилиши 2017 йилда ҳеч қандай инфратузилмага эга бўлмаган мутлақо бўш жойда бошланган эди. Қисқа муддат ичида бу ерда асосий конструкциялар барпо этилиб, йўл ва бошқа зарур коммуникациялар ташкил этилди.
Айни пайтда асосий цех ва инфратузилма объектлари қурилмоқда, технологик жиҳозларни етказиб бериш ва ўрнатиш амалга ошмоқда, ташқи тармоқлар, қувурлар, газ ва электр тармоқлари ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, баҳайбат корхонада Австрия, Германия, Россия ва Италиядан келтирилган 326.7 миллион еврога тенг замонавий ускуналар ўрнатилмоқда.
“Бундай лойиҳалар компаниямиз томонидан бошқа давлатларда ҳам амалга оширилган. Асосий етказиб берувчи сифатида Ўзбекистондаги мазкур лойиҳада иштирок этаётганимиздан мамнумиз. Лойиҳани сифатли бажариш учун Danieli компаниясининг барча техник жамоалари жалб қилинган. Улар ишчи гуруҳ билан биргаликда Ўзбекистон учун максимал даражада мослаштирилган энг мақбул технологик ечимларни танлаб олишмоқда", – деди Италиянинг Danieli компанияси вакили Марко Брутомессо.
Заводда автомобиллар кузови ва маиший техника учун металл тунукалар, шунингдек профнастил ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
"Мазкур лойиҳа республикада ва ундан ташқарида жуда керакли бўлган полимер қопламали совуқ босимли прокат ишлаб чиқаришни ўз ичига олади. Тайёрланадиган маҳсулот дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари билан рақобат қила олиши шубҳасиздир”, - деб айтди ТМЗ тунука прокати цехи бошлиғи Владимир Дьяконов.
Тошкент шаҳрига яқин жойлашганлигини инобатга олган ҳолда ТМЗни қуриш борасида заводнинг экологик хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги заводда печлардан фойдаланилмаслиги боис, чанг ва газ чиқиндилари миқдори сезиларли даражада пасаяди.
“Корхонамизнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, барча ишлаб чиқариш жараёнлари ёпиқ циклда амалга оширилади. Шу асосда бу ерда деярли чиқиндилар ҳосил бўлмайди. Ҳозирда қурилиш-монтаж ишларига 1,3 мингдан ортиқ киши жалб қилинган. Биринчи маҳсулотни 2020 йилнинг май ойида чиқариш кўзда тутилган”, - деди ТМЗ қурилиш дирекцияси техник назорат бўлими бошлиғи Олим Қурбонов.
Ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган сув махсус фильтлар орқали тозаланиб, атроф муҳитга эмас, балки технологик жараёнга қайтарилади. Шу билан бирга, атмосфера чиқиндилари ҳам тозалаб борилади. Экспертлар фикрича, завод томонидан бир йилда атмосферага қиладиган зарари бир кунда пойтахт ҳавосига қилинаётган зарардан ҳам камроқ микдорни ташкил этади.
Таъкидлаш лозимки, заводдаги барча жиҳозлар Европа стандартлари ва экологик талабларига мувофиқ келади. Натижада ТМЗ Ўзбекистоннинг энг “яшил” корхоналаридан бирига айланади.
Тошкент металлургия заводи - давлат ва хусусий шерикчилик лойиҳаси ҳамдир. Унинг молиялаштирилиши Ўзбекистон реконструкция ва ривожланиш жамғармаси, “Асакабанк” ва “Росэксимбанк” маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
“Ҳозирда асосий технологик жиҳозлар ўрнатилмоқда. Қурилиш ишлари якунланмоқда. Яъни, барча бетонли тайёргарлик ишлари ўз ниҳоясига етган, танлов асосида ходимлар ишга қабул килинган. Улар Россия, Туркия ва Италияда ўқишмоқда. Завод тўлиқ ишлаб чиқариш қувватларига чиқиши биланоқ, биринчи босқичда ҳар йили 500 минг тонна совуқ босимли маҳсулот тайёрланиб, 700га яқин иш ўринлари яратилади”, - деб таъкидлади ТМЗ бош муҳандиси ТМЗ Валерий Осин.
Тўлиқ ишга тушгандан сўнг, завод маҳсулотининг 20 фоизи Эрон, Туркия, Афғонистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Латвия, Литва ва Эстонияга экспорт қилинади.
Изоҳлар мавжуд емас