Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Иркутск вилоятида ўта хавфли юқумли касаллик аниқлангани ҳақидаги хабарлардан сўнг, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мамлакатда хавфнинг олдини олиш чораларини кучайтирди.
Қўмита маълумотига кўра, айни пайтда вазият Россия ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий манбалари орқали жиддий кузатиб борилмоқда. Хусусан, касаллик ташхиси расман тасдиқлангани ёки тасдиқланмагани, унинг юқиш йўллари, беморнинг ҳаракатланиш маршрути ҳамда у билан мулоқотда бўлганлар ҳақидаги маълумотлар чуқур ўрганилмоқда.
Шу боисдан Ўзбекистон ҳудудига бу каби ўта хавфли юқумли касалликларнинг кириб келишини тўхтатиш мақсадида тегишли хизматларнинг тайёргарлиги оширилди.
Расмийлар фуқаролардан асоссиз ва тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликни, барча маълумотларни фақат расмий манбалар орқали кузатиб боришни сўрамоқда. Вазиятда бирор ўзгариш юз берса, жамоатчиликка қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.
Аввалроқ Иркутск вилоятида ўта юқумли ўпка ўлати касаллигидан лаборатория ходими вафот этганди.

Изоҳлар мавжуд емас