Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг сентябрь ойида эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича жами 34 659 та битим расмийлаштирилиб, бу кўрсаткич август ойига нисбатан 3,8 фоизга ошди. Мазкур ижобий динамикага асосан кўчмас мулк бозоридаги фаоллик сабаб бўлди.
Хусусан, сентябрь ойида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 16 711 та битим тузилган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан 1 126 тага ёки 7,2 фоизга кўпдир.
Автомобиль ва бошқа транспорт воситалари олди-сотдиси йўналишида эса 17 948 та битим қайд этилган.
Ҳудудий кесимда энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида кузатилган — пойтахт ҳиссасига жами битимларнинг 30,9 фоизи (10 711 та) тўғри келган.
Қолган 69,1 фоизлик улуш вилоятлар ўртасида тақсимланди. Минтақалар орасида Фарғона (3 363 та), Самарқанд (3 131 та) ва Наманган (2 404 та) вилоятлари етакчилик қилмоқда.
Бундан ташқари, 30 сентябрь ҳолатига кўра, яна 4 354 та битимни расмийлаштириш жараёни давом этмоқда.
Илгарироқ 2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистон кўчмас мулк бозори янги ўйин қоидаларига ўтиб, ўзгаришлар ва эскроу-ҳисоб рақамлари тизимининг жорий этилиши фуқароларни қандай ҳимоя қилиши ва қурилиш соҳасини оқлаши ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас