Загрузка
Загрузка
Сергели машина бозори ҳудудида ҳаракат схемаси ўзгаради
Жамият

Сергели машина бозори ҳудудида ҳаракат схемаси ўзгаради

21
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳридаги Сергели автомобил бозори ҳудудида транспорт ҳаракатини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида янги ҳаракат схемаси жорий этилмоқда. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди.

Маълум қилинишича, Сергели автомобил бозори мамлакатдаги энг йирик автомобил савдо майдонларидан бири ҳисобланади. Бозорнинг умумий сиғими 5 400 та автомобилга мўлжалланган бўлиб, шундан 3 500 та жой автомобиллар савдоси учун, қолган қисми эса автотураргоҳ сифатида фойдаланилади.

Бозор ҳудудида автомобил эҳтиёт қисмлари ва турли автотоварлар савдоси билан шуғулланувчи 1 800 дан ортиқ савдо объектлари фаолият юритади. Шунингдек, Янги Сергели кўчасига туташ кириш ва чиқиш нуқталари орқали ҳар куни 1 500 дан ортиқ транспорт воситаси ҳаракатланади.

Мутахассислар таъкидлашича, айнан ушбу омиллар йиллар давомида Янги Сергели кўчасида жиддий транспорт юкламаси юзага келишига сабаб бўлган. Бозорга кирувчи автомобиллар тезликни пасайтириши, чиқувчи транспорт эса қисқа масофада умумий ҳаракат оқимига қўшилиши натижасида тирбандликлар ва ҳаракатда кечикишлар кузатилган.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида бозор ҳудуди бўйлаб қўшимча локал йўл барпо этилмоқда. Ушбу йўл бозор билан боғлиқ транспорт ҳаракатини Янги Сергели кўчасидаги асосий оқимдан ажратиш имконини беради.

Янги тартибга кўра, бозорга келаётган ҳайдовчилар аввал локал йўлга бурилиб, шу орқали савдо ҳудудига киради. Бозордан чиқаётган транспорт воситалари ҳам дастлаб локал йўлга чиқиб, кейин умумий ҳаракат оқимига босқичма-босқич қўшилади. Бу эса асосий кўчадаги кескин тормозланишлар ва ноқулай бурилишларни камайтиришга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида пиёдалар ва велосипедчилар учун ҳам алоҳида инфратузилма яратилмоқда. Бу ҳудудда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва турли транспорт иштирокчилари учун қулай шароит яратишга қаратилган.

Бундан ташқари, бозор ичидаги автотураргоҳларни тартибга солиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, 2 000 дан ортиқ автомобил учун махсус йўл чизиқлари чизилган бўлиб, бу транспорт воситаларини тартибли жойлаштириш, тартибсиз тўхташ ҳолатларини камайтириш ва ички ҳаракатни янада хавфсиз ташкил этиш имконини беради.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотига кўра, янги ечим натижасида бозор транспорт оқими асосий ҳаракатдан ажратилади, Янги Сергели кўчасидаги юклама камаяди, кириш-чиқиш нуқталаридаги хавфли вазиятлар қисқаради ҳамда бутун ҳудудда ҳаракат янада тартибли ва хавфсиз бўлади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сергели автомобиль бозори бузилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди ва ҳокимият бунга расмий муносабат билдирган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...