Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Сергели автомобиль бозори бузилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу муносабат ҳокимият расмий муносабат билдирди.
Тошкент шаҳри Сергели тумани ҳокимлиги бозор ҳудудида режали қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Ҳокимликка кўра, амалга оширилаётган ишлар бозор инфратузилмасини янгилаш, хавфсиз ва замонавий савдо муҳитини шакллантириш ҳамда харидорлар ва тадбиркорлар учун қулайликларни оширишга қаратилган.
Маълум қилинишича, бозор ўз фаолиятини одатий тартибда давом эттирмоқда. Ҳозирда маъмурий бинога кириш қисмлари янгиланиб, гранит плиталар ётқизилмоқда. Шунингдек, ҳудуддаги 26,5 минг квадрат метр майдонга янги асфальт қопламаси ётқизилган бўлиб, яна 16,2 минг квадрат метр майдонни асфальтлаш режалаштирилган.
Реконструкция ишлари доирасида эҳтиёт қисмлар савдоси амалга ошириладиган дўконларнинг том қисмлари янгиланмоқда. Тартибсиз ўрнатилган реклама конструкциялари олиб ташланиб, савдо объектларининг ташқи кўриниши замонавий талаблар асосида шакллантирилмоқда.
Бозор ҳудудида транспорт воситаларининг киришини автоматлаштириш ишлари ҳам бошланган. Хусусан, инсон омилисиз ишлайдиган электрон тўлов тизимлари жорий этилмоқда. Бу кириш жараёнини тезлаштириш ва хизматлар шаффофлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилган.
Туман ҳокимлиги бозорни бузиш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини таъкидлаб, фуқароларни фақат расмий манбаларга таянишга чақирган.

Изоҳлар мавжуд емас