Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган қариндошларининг жасадларининг берилмаётганидан норозичилик билдираётган кишиларни акс этган видео бўйича изоҳ берди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Республика патологик анатомия маркази директори, ССВ бош патологоанатоми, профессор Ражаббой Исроилов ҳақиқатан ҳам Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб патологик анатомия бўлими фаолияти ташкил этилганлигини тасдиқлади. Натижада ортиқча оворагарчиликларига йўл қўймаслик, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур шифохонада вафот этганларнинг майитини қариндошлари ушбу бўлимдан олиб кетиш имкониятига эга бўлишган. Унинг айтишича, бундан аввал майит Республика патологик анатомия марказига олиб бориларди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 мартдаги “Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этишда хавфсизликни таъминлаш бўйича вақтинча қоидалар”га асосан, ўлим содир бўлган бўлимда 2 соат сақланиб, шундан сўнггина патологик анатомия бўлимига олиб келинади. Кейин мурда рўйхатдан ўтказилиб, 3 фоизли хлорли эритмада зарасизлантирилади, мурданинг диний эътиқодига кўра, ювилиб (кафанланиб ёки кийинтириб) қаришдошларига топширилади.
Исроиловнинг сўзларига кўра, бу амалиётлар ўтказилиши учун ўртача 3-4 соат вақт талаб этилади. Бу вақтда қариндошлар муассаса эшиги тагида кутиб қолмоқда.
Шунингдек, тарқатилаётган видеода “Коронавирусдан вафот этган мурдаларни олиб кетишда навбат кутувчилар шунча бўлса, уларнинг сонини статистика нега кам беряпти?” деган мулоҳаза ҳам мавжуд.
“Патологик анатомия бўлими эшиги олдида кутиб турган одамларнинг кўплигининг сабаби аслида бир нафар мурдани олиб кетиш учун камида 4 нафар қариндоши келади, бу эса ўз-ўзидан фуқароларни ваҳимага тушишига сабабчи бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, статистика маълумотларини сохталаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас”, - деди Исроилов.
Унинг таъкидлаб ўтишича, Зангиота туманидаги юқумлик асалликлар шифохонасида нафақат коронавирус билан касалланганлар, балки бошқа турдаги ўткир инфекция ва пневмония билан оғриган беморлар ҳам даволанмоқда.
“Коронавирусдан вафот этганлар статистикасида фақат “COVID-19” диагнози вирусологик текширувда тасдиқланганлар сони берилади, лекин бу шифохонада пневмония ва бошқа инфекцион касалликлардан ҳам вафот этаётганлар бор. Табиийки, улар коронавирус статистикасига киритилмайди”, - деди шифокор.
Шунингдек, ушбу шифохонадаги патологоанатомик бўлими янада такомиллаштирилиб, кечки навбатчиликни ҳам ташкил қилиш ва тунги вақтларда майитни қариндошларига топшириш имконини яратиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Исроиловнинг айтишича, жасадларни ташиш учун нархлар 700 минг сўм қилиб ўрнатилганлигига касалхонанинг мутлақо даҳли йўқ. Бу билан дафн этиш маросимини ташкил қилувчи ва шиофохонага алоқаси бўлмаган хусусий ташкилотлар шуғулланмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Зангиотада электр таъминоти узилиши оқибатида юзлаб ковидли беморлар вафот этганлиги ҳақидаги хабарларни инкор қилди.
Изоҳлар мавжуд емас