Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Нью-Йоркда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида янги келишувларга эришилди. Гап мутахассисларни тайёрлаш, қонуний ишга жойлаштириш ва хорижда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳақида кетмоқда.
Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШдаги дипломатик миссия вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Миграция шарҳи бўйича халқаро форум (IMRF) доирасида қатор учрашувлар ўтказди.
Форум давомида Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев миграцияга нафақат иқтисодий зарурат, балки инсон капиталига инвестиция сифатида ҳам қараш кераклигини таъкидлади.
Америкалик ҳамкорлар билан эришилган келишувлар ташрифнинг асосий натижаларидан бири бўлди. Хусусан, Logan University билан АҚШ меҳнат бозори учун тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишув имзоланди.
Миссоури Trucking School вакиллари билан юк ташувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларини Америка стандартлари бўйича тайёрлаш ва кейинчалик ишга жойлаштириш дастури муҳокама қилинди. Ўқитиш 160 соатлик курс доирасида ўтказилиши кўзда тутилган.
NCAE билан қўшма меҳнат форумларини ўтказиш ва мавсумий бандлик дастурларини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, Head Honchos рекрутинг ташкилоти билан Н-2А тоифасидаги визаларни расмийлаштириш ва ўзбекистонлик мутахассисларни АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасида илгари суриш, жумладан, қисқа муддатли тайёргарлик дастурларини ишга тушириш механизмлари муҳокама қилинди.
АҚШда Ўзбекистон фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари Баллон Столл юридик фирмаси билан музокаралар мавзуси бўлди. Томонлар О, Н-2А, Н-2Б, Н-1Б ва Е тоифаларини ўз ичига олган ишчи визаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Хорижда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, Тошкентда халқаро миграция форумини ўтказишга тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аввалроқ Парижда ўзбекистонликлар учун Франция иқтисодиётининг етакчи тармоқларида қонуний мавсумий иш, касб-ҳунар ўрганиш ва ишга жойлашиш имкониятларини очадиган бир қатор лойиҳалар келишиб олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас