Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент метрополитенида йўл ҳақини масофага қараб ҳисоблаш тизимини жорий этиш имконияти ўрганилмоқда. Шунингдек, метро бекатларида ойнаванд ҳимоя тўсиқлари ўрнатиш ва тижорий фаолиятни кенгайтириш режалаштирилган.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тақдим этилган таклифлар муҳокамасида маълум қилинган.
Режага кўра, 2030 йилгача Тошкент метрополитенида кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш, бекатлар сонини 79 тага, линиялар узунлигини эса 103 километргача ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, поездлар ҳаракати интервалини босқичма-босқич 1,5–3 дақиқагача қисқартириш режалаштирилмоқда. 2026–2028 йилларда хизмат кўрсатиш сифати ва фуқаро муҳофазаси объектларининг техник базасини такомиллаштириш чоралари амалга оширилади.
Йўловчилар хавфсизлигини кучайтириш мақсадида Шаҳристон метро бекати платформаларида синов тариқасида ойнаванд ҳимоя тўсиқлари ўрнатилади. Халқаро тажрибага кўра, бундай тўсиқлар платформалардаги бахтсиз ҳодисаларни 80–90 фоизгача камайтириш имконини беради.
Метрополитеннинг қўшимча даромад манбаларини шакллантириш учун вагон ва платформалардаги рақамли реклама майдонларини аукцион орқали ижарага бериш таклиф этилган. Бекатларда вендинг аппаратлари ва кичик савдо шохобчалари жойлаштирилиши, станциялар олдида эса автотураргоҳлар ҳамда Park&Ride тизими ташкил қилиниши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, бўш турган бино ва хоналарни коворкинг ва кичик офис сифатида тадбиркорларга аукцион асосида ижарага бериш таклифи ҳам илгари сурилган.
2027–2030 йилларда метро учун янги ҳаракат таркиблари харид қилиниши ва янги электродепо қурилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, 2027–2035 йилларга мўлжалланган Тошкент метрополитенини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. Унда тармоқларни икки баробар кенгайтириш ва йўловчи ташиш ҳажмини 2,5 баробарга ошириш вазифалари белгиланади.
Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, масъулларга уларни амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берган.
Бундан олдин Тошкентда кечки соат 22:00 дан 6:00 гача ишлайдиган тунги автобусларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилганди. Йўналишлар аэропорт, темир йўл вокзаллари, метро бекатлари, сайёҳлик кўчалари, савдо марказлари, бозорлар, талабалар турар жойлари ва шифохоналарни қамраб олиши режалаштирилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас