Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бурятияда икки ўзбекистонлик қурилаётган уйнинг еттинчи қаватидан қулаб тушди. Улардан бири ҳалок бўлди, иккинчиси оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.
Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, воқеа 8 май куни Улан-Уде шаҳрида (Россиянинг Бурятия Республикаси) содир бўлган. Икки нафар Ўзбекистон фуқароси қурилаётган кўп қаватли турар-жой биносининг еттинчи қавати баландлигидан йиқилиб тушган.
Аниқланишича, минорали кран машинисти эҳтиётсизлик оқибатида қурилиш ёғочларига шикаст етказган. Ҳодиса содир бўлган вақтда ишчилар конструкцияда хавфсизлик камарларисиз бўлишган, бу эса уларнинг йиқилишига сабаб бўлган.
Жабрланганлардан бири оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, иккинчиси воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бурятия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жиноят кодексининг 217-моддаси 2-қисми (Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги талабларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бош консулхона Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳумнинг жасадини ватанига жўнатиш билан шуғулланмоқда ва Бурятия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди. Вазият алоҳида назоратга олинган.
Бу биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ Россиядаги қурилишда ўзбекистонлик ёш қурувчи ҳалок бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас