Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент ҳокимлиги "тунги ёқимсиз ҳид” муаммосига ечим топди. Саноат корхоналарининг айримлари Тошкент вилоятига кўчирилади.
Бу ҳақида “Салар” оқова сувларни тозалаш иншоотида ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.
Илгарироқ, иншоот атрофидаги маҳаллалар аҳолисининг мурожаати асосида ҳокимлик томонидан мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ташкил этилиб, “Салар” оқова сувларни тозалаш иншооти ҳамда “Салар” канали бўйида жойлашган юридик ва жисмоний шахсларнинг белгиланган меъёрларга мувофиқ оқава сув иншоотига уланганлиги ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни ташлаш бўйича нормаларга амал қилиш ҳолати атрофлича ўрганилган.
“Амалга оширилган ишлар, хусусан қайта ишланмаган чиқиндиларни каналга оқизиб юборишнинг олди олинганлиги туфайли илгари мавжуд бўлган ёқимсиз хидлар сезиларли даражада камайган”, -дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги.
Мониторинг натижалари асосида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган терини қайта ишлаш, тўқимачилик, паррандачиликка ихтисослашган корхоналар ва қорамол қушхоналари Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Оҳангарон туманларида ташкил этиладиган “Махсус саноат зона” ларига кўчирилиши лозимлиги ҳақида хулоса қилинган.
Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, ёқимсиз ҳид билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун ҳали кўп ишларни амалга ошириш керак.
Изоҳлар мавжуд емас