Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 30 октябрдан 31 октябрга ўтар кечаси Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашди. Ўлчовлар пойтахтнинг айрим ҳудудларида PM2.5 заррачалари миқдори "носоғлом", баъзи нуқталарда эса "жуда носоғлом" даражага етганини кўрсатди.
Махсус комиссия маълумотига кўра, кечки соатларда Халқаро ҳаво сифати индекси бўйича вазият "сезгир гуруҳлар учун носоғлом" деб баҳоланган. Соат 21:00 дан кейин эса кўрсаткич "носоғлом" даражага кўтарилган. Миллий ҳаво сифати индексида шаҳар бўйича PM2.5 кўрсаткичи "сариқ", PM10 эса "зарғалдоқ" тоифага кирган.
Мутахассислар ҳаво сифати ёмонлашишини ҳароратнинг пасайиши, кучли ҳарорат инверсияси, шамолнинг жуда кучсизлиги ва ҳаво массаларининг шаҳар атрофида узоқ вақт сақланиб қолиши билан изоҳламоқда. Бу омиллар ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишига тўсқинлик қилиб, PM заррачаларининг ерга яқин ҳаво қатламида тўпланишига сабаб бўлган.
Тунги вақтда "Экологик мониторинг миллий маркази" давлат муассасаси мутахассислари Тошкентнинг Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Олмазор, Чилонзор, Миробод, Яшнобод, Учтепа ва Шайхонтоҳур туманларида, шунингдек, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ва Чирчиқ шаҳрида инструментал ўлчовлар ўтказган. Натижаларга кўра, айрим нуқталарда PM2.5 миқдори "жуда носоғлом" тоифага мос келган.
Прогнозларга кўра, 31 октябрь куни Тошкентда Халқаро ҳаво сифати индекси бўйича кўрсаткич "носоғлом", миллий индекс бўйича эса "сариқ" даражада бўлиши кутилмоқда.
Махсус комиссия кўрсатмаси билан ҳокимликларга ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида фаввораларни мунтазам ишлатиш, кўча ва йўл бўйларини тизимли равишда ювиш топширилган.

Изоҳлар мавжуд емас