Загрузка
Загрузка
Iman Holding Маҳмуд Усмоннинг баёнотига жавоб берди: компания учинчи томон аудитини бошлади
Ҳодисалар

Iman Holding Маҳмуд Усмоннинг баёнотига жавоб берди: компания учинчи томон аудитини бошлади

211
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Iman Holding компанияси Маҳмуд Усмоннинг 29 октябрь куни YouTube каналларида эълон қилинган видеомурожаатига расмий муносабат билдирди. Компания вакиллари ундаги даъволар бир томоннинг фикри эканини таъкидлаб, низога ҳуқуқий, молиявий ва шаръий жиҳатдан мустақил баҳо бериш учун мутахассисларни жалб қилганини маълум қилди. 

Компания матбуот хизмати раҳбари Мирзо Қодировнинг айтишича, видеомурожаатда келтирилган фикрларни аудиторлар хулосаси ёки суд қарори сифатида қабул қилиб бўлмайди. Унинг таъкидлашича, компаниянинг жавоби ҳам низодаги томонлардан бирининг позицияси ҳисобланади. Шу сабабли якуний ва холис хулоса учун мустақил учинчи томоннинг фикри муҳим. 

"Барча даъволарни учинчи тарафдаги мутахассисларга топширамиз", — деди Қодиров. 

Унинг маълум қилишича, масалани ўрганиш учун икки томонга ҳам алоқаси бўлмаган мутахассислар жалб қилинган. Текширув уч йўналишда — ҳуқуқий, молиявий ва шаръий жиҳатдан олиб борилади. 

Шаръий масалаларни ўрганиш учун Usmoniy's аудиторлик компанияси таклиф этилган. Компания вакили дастлабки аудит жараёнлари бошланганини, яқин вақт ичида аудиторлик компанияси вакиллари Ўзбекистонга келишини билдирди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига масаланинг шаръий томонини ўрганиш учун уламолар ажратишни сўраб расмий мурожаат тайёрланган. Компания ҳозирда маҳаллий диний уламолар иштирокида алоҳида шаръий кенгаш тузиш бўйича ҳам иш олиб бораётганини маълум қилди. 

Баёнотда Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB) билан ҳамкорлик масаласига ҳам тўхталиб ўтилган. Компания вакили икки ярим йил давомида IFCB вакилларига маслаҳатлари учун миннатдорлик билдирган. Унинг айтишича, компания маслаҳат кенгашининг хулоса ва талабларига, ҳатто улар бизнес манфаатларига зид бўлган ҳолатларда ҳам амал қилиб келган. 

Компания инвесторларни мустақил мутахассислар хулосаси эълон қилингунига қадар шошилинч қарорлар қабул қилмасликка чақирди. Шунингдек, агар текширув давомида компания фаолиятида муаммолар аниқланса, уларни бартараф этишга тайёр эканини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, 26 октябрь куни Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши Iman Invest билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилган эди. Кенгаш ўз текшируви давомида инвесторлар маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ шубҳали операциялар ва қоидабузарликлар аниқланганини билдирган. Компания асосчиси Рустам Раҳматов эса айбловларни рад этиб, мустақил шаръий аудит бошланганини маълум қилган. 

30 октябрь куни Маҳмуд Усмон ҳам компаниянинг SAFE шартномалари, инвесторлар улушлари ва молиявий операциялари юзасидан қатор эътирозларини билдирган. У компания фаолиятини мустақил форензик аудитдан ўтказиш ёки ваколатли давлат идоралари томонидан текширишни таклиф қилган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...