Загрузка
Загрузка
Тошкентда реновация: Мулкдорларга янги уйлар таклиф қилинмоқда, аммо ҳамма ҳам рози эмас
Жамият

Тошкентда реновация: Мулкдорларга янги уйлар таклиф қилинмоқда, аммо ҳамма ҳам рози эмас

33
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Тошкентнинг Миробод туманидаги эски турар жойларни реновация қилиш жараёнида мулкдорларга янги қурилган уйлардан хонадонлар таклиф этилмоқда. Бироқ айрим фуқаролар янги уйларнинг режаси ва майдонини маъқулламаяпти, улар пул компенсациясини олиб, пойтахтнинг ўзлари истаган ҳудудидан уй сотиб олишни хоҳламоқда. Аммо кўпчилик янги қурилган уйларга кўчиб ўтишни афзал билмоқда. Масъуллар эса реновация доирасида мулкдорларга мавжуд уйи майдонига мутаносиб равишда янги хонадон бериш, каттароқ уй танланса, қўшимча имкониятлар яратилганини билдирмоқда.

2026 йил 28 октябрда ташкил этилган пресс-тур давомида Batafsil.uz мухбири Миробод  туманидаги эски уйлар ва реновация штаби фаолияти билан танишди. Шунингдек, Сергели туманидаги янги уйлар кўрсатилди, лойиҳа масъуллари ва мулкдорлар билан суҳбатлашди.

Мироободдаги эски уйлар ўрнида нима қурилади?

Пресс-турда берилган маълумотларга кўра, лойиҳанинг Миробод туманидаги ҳудуди тахминан 12,5 гектарни ташкил этади. Бу ерда 1950-йилларда қурилган 58 та турар жой биноси, жами 549 та хонадон ва ётоқхона мавжуд. Ҳудуддаги айрим нотурар объектлар ҳам лойиҳа доирасида кўриб чиқилмоқда.

"Тошкент Инвест" вакилларининг айтишича, дастлабки босқичда мулкдорлар билан тушунтириш ишлари олиб борилган, ҳудуд қисмларга ажратилган ва ҳар бир хонадон эгаси билан алоҳида музокара қилинмоқда. Биринчи лот бўйича 30 нафар фуқаронинг розилиги олиниб, нотариал шартномалар имзоланган. Қолган мулкдорлар билан музокаралар давом этмоқда.

Масъуллар уйларнинг эскиргани, электр симлари ва қувурлар билан боғлиқ муаммолар, канализация ҳамда томларнинг ҳолати аҳоли мурожаатларида кўтарилганини айтди. Шу билан бирга, бинонинг яроқли ёки яроқсизлигини белгилаш тегишли ваколатли ташкилотлар вазифаси экани таъкидланди.

Реновациядан кейин ҳудудда янги турар жойлар, ижтимоий объектлар ва яшил майдонлар барпо этилиши режалаштирилмоқда. Мавжуд мактабни реконструкция қилиш ва кенгайтириш, ҳудудда парклар ташкил этиш, шунингдек, айрим қисмларда бизнес марказлари ёки бошқа бинолар қуриш вариантлари кўриб чиқилмоқда.

Бироқ янги қурилишлар тугагач, ҳудудда нечта хонадон бўлиши ва аҳоли сони қанчага ўзгариши ҳозирча аниқ эмас. Масъуллар бош режа вариантлари ишлаб чиқилаётганини, якуний ечим тасдиқлангач, маълумот берилишини айтди.

Мулкдорларга қандай шартлар таклиф қилинмоқда?

"Тошкент Инвест" вакилларининг тушунтиришича, мулкдорларга янги қурилган уйлардан хонадон танлаш таклиф этилмоқда. Таклиф қилинаётган уйлар орасида Сергели туманидаги мажмуалар ҳам бор. Мулкдорлар тақдим этилган вариантлардан ўзларига маъқулини танлаши мумкин.

Масъуллар амалдаги тартиб бўйича хонадон майдонига 20 фоизгача қўшимча майдон бериш механизми мавжудлигини билдирди. Масалан, 50 квадрат метрли уй эгасига таклиф қилинадиган янги хонадон майдони белгиланган коэффициент асосида ҳисобланади. Агар фуқаро бундан ҳам каттароқ уйни танласа, қўшимча майдон учун тўлов қилиши керак бўлади. Қўшимча сумма учун банк кредити олиш имконияти ҳам таклиф қилинмоқда.

Масъуллар айрим ҳолларда фуқаролар қўшимча майдон учун бошланғич тўловсиз кредит олиш имкониятига эга бўлишини айтди. Бу шартлар хонадон майдони ва мулкдорнинг танловига қараб алоҳида тушунтирилаётгани билдирилди.

Янги уй тайёр бўлгунига қадар мулкдорлар ҳозирги хонадонларида яшашда давом этади. "Тошкент Инвест" вакилларининг сўзларига кўра, уч томонлама шартнома тузилади ва янги хонадон тайёр бўлгач, фуқаро унга кўчиб ўтади, шундан сўнг эски уйини топширади. 

Пресс-турда айрим фуқаролар катта майдонли уйлари эвазига бир нечта хонадон олиш имкониятига эга бўлгани ҳам айтилди. Жумладан, 200 квадрат метрдан ортиқ уй эгаси тўртта хонадон олгани ҳақида маълумот берди. Улар бундан жуда мамнунлигини таъкидлади. 

Янги уйни танлашни истамаганлар нима дейди?

Реновация таклифларидан барча мулкдорлар ҳам бирдек қониқаётгани йўқ. Пресс-турда Дилфуза Рауфова ўз уйи ўрнига таклиф қилинган янги хонадонларнинг режаси, хоналар майдони ва қурилишини маъқулламаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, уйи тахминан 50,3 квадрат метр бўлиб, у аввал уни сотишни режалаштирган. Бироқ реновация жараёни ҳақида хабар топгач, бу ниятидан қайтган. Рауфова таклиф қилинган янги уйларни кўрган, аммо уларни ўз оиласи ва турмуш тарзига мос деб ҳисобламаган.

"Янги уйларни кўрдим, лекин менга маъқул келмади. Хоналари кичик, айримларида дераза йўқ. Режаси ҳам, қурилиши ҳам менга тўғри келмади", — деди у суҳбатда.

Рауфова учун хонадоннинг фақат квадрат метри эмас, балки унинг режаси ҳам муҳим. Унинг айтишича, ўз уйида оилавий маросимлар ўтказган, фарзандларини вояга етказган ва ҳозир ҳам келини ҳамда набиралари билан яшайди. Шу сабабли янги уйни шунчаки майдонига қараб танлашни истамайди.

Фуқаро ўз талабини ҳам очиқ билдирди: у пул компенсациясини олиб, Тошкентнинг ўзи хоҳлаган ҳудудидан уй сотиб олишни маъқул кўради. Рауфова ҳозиргача масъуллар томонидан шахсан ўзига босим ўтказилмаганини ҳам айтди. Бироқ янги уйларга рози бўлмаган тақдирда ҳам, ҳозирги хонадонда яшашда давом этишни хоҳлашини билдирди.

Пул компенсацияси бериладими?

Пресс-турда бу масала юзасидан масъуллар ва мулкдорлар  фикрлар билдирди.

"Тошкент Инвест" вакили мулкдорлар янги хонадон ўрнига пул олишни хоҳласа, бундай имконият ҳам мавжудлигини айтди. Унинг тушунтиришича, кўчмас мулкнинг бозор қиймати мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади. Баҳолашда хонадоннинг ҳолати, қавати, жойлашуви ва таъмири ҳисобга олинади. Пресс-турда бу ишни тендерда ғолиб бўлган "Midland Consulting" ташкилоти амалга ошираётгани маълум қилинди.

Бироқ Дилфуза Рауфова пул компенсациясини олишни хоҳлашини айтган бўлса-да, бу масала бўйича ўзи кутган ечимга эришмаганини билдирди. Унинг фикрича, таклиф қилинган янги уйлар талабларига мос келмаса, пул олиб, мустақил равишда бошқа хонадон танлаш имконияти бўлиши керак. Аммо ҳозирча бу таклиф унга билдирилмаган.

Ҳокимият вакили унга янги қурилган уйларни олиб, кейинчалик сотиши мумкинлигигача бўлган таклифлар берилганини билдирди. Аммо фуқаро уйни қайта сотиш учун олмаслигини билдириб, таклифни рад этган.

Эски ҳудуд қандай тартибда қайта қурилади?

"Тошкент Инвест" вакилларининг айтишича, ҳудуд аҳолиси кўчирилиб, эски бинолар бўшатилгандан кейин ер участкалари аукцион орқали хусусий инвесторларга берилиши мумкин. Кейинги қурилишлар тасдиқланган бош режа асосида амалга оширилиши керак. Яъни ғолиб бўлган тадбиркор ҳудудда истаганча қурилиш олиб бора олмайди.

Ҳозирча ҳудуддаги келажакдаги хонадонлар сони ва қурилишнинг якуний кўлами бўйича аниқ рақамлар берилмаган. Масъуллар бир нечта вариант устида иш олиб борилаётганини билдирди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...