Загрузка
Загрузка
Сурхондарёда янги туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаб юборган аёлга суд ҳукми ўқилди
Ҳодисалар

Сурхондарёда янги туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаб юборган аёлга суд ҳукми ўқилди

19
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида аёл ўз фарзандини ҳожатхонага ташлаб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судида мазкур иш кўриб чиқилиб, судланувчига нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Batafsil.uz га маълум қилди.

Маълум бўлишича, 33 ёшли Қумқўрғон туманида туғилган аёл 2024 йил ноябрь ойида Шўрчи тумани "Офтобмакон" маҳалласида яшовчи Адҳам Ўралов билан шаръий никоҳ асосида турмуш қурган. Уларнинг турмуши давомида 2025 йил 25 апрелда Хадича исмли қиз фарзанд дунёга келган.

Шундан сўнг 2025 йил сентябрь ойида Дилором Эсанова иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлган. Ҳомиладорлик даврида у Шўрчи туманида патронаж ҳамшира назоратида бўлиб, 2-3 марта УЗИ ва скрининг текширувларидан ўтган ҳамда фарзанди қиз жинсли эканлигини билган.

У 2026 йил 8 июнь куни Шўрчи туманидаги яшаш уйидан Қумқўрғон туманининг "Жийдали"маҳалласи Ислом Каримов кўчасидаги ота-онасининг уйига уларни кўриш учун меҳмон бўлиб борган.

Жорий йилнинг 10 июнь куни соат тахминан 03:00 ларда унинг туғруқ дарди бошланган ва у ота-онасига бу ҳақда айтганида, улар тонг отгандан сўнг туғруқхонага олиб боришларини айтишган.

Соат тахминан 05:00 ларда аёл яшаш уйининг орқа томонидаги хожатхонага бориб, 9 ойлик ҳомиласини дунёга келтирган ва қўллари билан қиз жинсли чақалоғини жинсий аъзосидан тортиб чиқарган. Шундан сўнг у ҳомила йўлдошини қўллари билан узиб ташлаб, чақалоқни хожатхона тешигидан ичига ташлаб юборган.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Сурхондарё филиали Жарқўрғон туман пунктининг 2026 йил 26 июндаги 37-сонли мурда экспертизаси хулосасига кўра, чақалоқнинг ўлимига юқори нафас йўлларининг ахлат билан бекилиши оқибатида келиб чиққан механик асфиксия ҳамда ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлгани аниқланган.

Жабрланувчи турмуш ўртоғи Адҳам Ўралов судда Дилором билан ўрталарида ҳеч қандай жанжал бўлмаганини, ота-онасини соғингани учун рухсати билан меҳмонга кетганини, кейинроқ қайнотаси қўнғироқ қилиб бу воқеа ҳақида хабар берганини айтган.

Шунингдек, у Дилором Эсанованинг руҳиятида баъзи ўзгаришлар — паришонхотирлик ва ўзига ўзи гапириб юриш ҳолатларини сезганини, бироқ уни ўзини билмай қоладиган даражада деб ўйламаганини, тўнғич қизи Хадича ҳозирда она тарбиясида эканини билдириб, даъвоси йўқлигини ва қонуний енгиллик берилишини сўраган.

Онаси Саодат Эсанова қизининг ҳомиласи қиз эканлигини билгач, ўғил бўлса яхши бўлар эди деганини, бироқ 8–9 июнь кунлари уйда бўлган вақтида унинг соғлиғи ва кайфияти яхши бўлганини, ҳеч қандай шубҳали ҳолат сезмаганини баён қилган. Маҳалла раисива бошқа гувоҳлар ҳам бу оила муносабатлари тинч бўлгани, маҳаллада низоли оилалар рўйхатида турмаганини тасдиқлашган.

Суд муҳокамаси давомида Дилором Эсанованинг айби жиноят иши ҳужжатлари, экспертиза хулосалари, ҳодиса жодини кўздан кечириш баённомалари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.

Суд жазо тайинлашда унинг айбига иқрор ва чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганини, аёл киши эканини, оилали эканини, қарамоғида 3 ёшга тўлмаган бир нафар фарзанди борлигини ва айни пайтда яна ҳомиладор эканини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаган. Жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир этгани эса жазони оғирлаштирувчи омил сифатида қайд этилган.

Суд ҳукмига кўра, Дилором Эсанова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 99-моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган.

Унга нисбатан ишлаш ёки ўқиш вақтидан ҳамда унга бориб-келиш учун зарур вақтдан ташқари, қолган вақтларда яшаш уйидан чиқиши чекланган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...