Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда иссиқхона эгаларининг муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда таклифларини масъул ташкилотларга етказиш мақсадида доимий уюшма ташкил этилмоқда. Ушбу тузилманинг ташкил этилишига тадбиркорларнинг ўз муаммоларига якка тартибда ечим излаши, шунингдек, иссиқхоналар фаолиятининг атроф-муҳитга етказаётган сезиларли салбий таъсири сабаб бўлган.
Янги уюшма тадбиркорларнинг овозини бирлаштириш ва соҳадаги долзарб масалаларга биргаликда ечим топиш вазифасини бажаради.
Маълумот учун, иссиқхоналар фаолиятининг кенгайиши бир қатор жиддий экологик ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, кўплаб иссиқхона хўжаликларида сифатсиз қаттиқ ёқилғи (кўмир, брикет), шунингдек, автомобиль шиналари, мазут, битум, пластмасса, резина ва ишлатилган мойларнинг ноқонуний ёқилиши ҳавога жуда катта миқдорда ис гази, ис-дуд ва заҳарли кимёвий моддалар ажралишига олиб келмоқда. Бу ҳолат аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ва йирик шаҳарлар атрофида ҳавонинг кескин ифлосланишига, тутун ҳосил бўлишига ҳамда фуқароларда нафас йўллари касалликларининг ортишига бевосита сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, фильтрация тизимларининг йўқлиги ва чиқиндиларнинг бетартиб ташлаб юборилиши атроф-муҳит ва экотизим барқарорлигига жиддий хавф туғдирмоқда.
Ушбу салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳри, шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида иссиқхона хўжаликлари учун махсус экологик тартиб жорий этилганди.
Янги талабларга кўра, иссиқхоналар фаолияти асосан табиий газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси каби муқобил манбалар асосида амалга оширилиши лозим.
Қаттиқ ёқилғида ишловчи иссиқхоналар 2026 йил 1 декабрга қадар ушбу турларга ўтиши ёки автоматлаштирилган бошқарув тизими, чанг-газ тозалаш ускуналари ҳамда узлуксиз онлайн мониторинг тизими билан тўлиқ жиҳозланиши шарт. Шу билан бирга, автошина, мазут ва пластмасса каби чиқиндиларни ёқилғи сифатида ёқиш қатъиян тақиқланганди.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида экологик модернизация харажатларининг бир қисмига субсидиялар бериш, 7 йил муддатга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш кўзда тутилганди. Белгиланган экологик талабларга жавоб бермайдиган иссиқхоналар эса 2026 йил 1 декабрдан бошлаб тармоқлардан узиб қўйилади ва уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилиши керак эди.

Изоҳлар мавжуд емас