Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Янги ўқув йили бошланиши билан пойтахтимизда талабаларни турар-жой билан таъминлашнинг долзарблиги янада ортади. Ҳар йили минглаб йигит ва қизлар пойтахтга ташриф буюришади, талабалар турар жойларида ўринлар танқис, ижара ҳаққи эса қиммат. Мазкур муаммони ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши “Студентнинг бошпанаси” лойиҳасини бошлаган. Унда барча хохловчилар иштирок этиб, бошқа ҳудудлардан келган талабаларни уй-жой билан таъминлашга оид ўз таклифларини юборишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Мазкур масала бўйича кенгаш раиси Фурқат Маҳмудхўжаев мурожаат билан чиқиб, олий таълим муассасаларида талабалар сони йил сайин ортиб бораётганини таъкидлаган. Шу туфайли Тошкентга ёшлар оқими кўпайиб бормоқда. Ётоқхоналар сонининг кўпайишига қарамай, ҳали ҳам жойлар етарли эмас.
Кўпинча талабалар ижарага уй-жой излашга мажбур. Махмудхўжаевнинг сўзларига кўра, пойтахтда уйлар ижараси қиммат, уларни топиш ҳам осон эмас. Шу муносабат билан у талабалардан t.me/studentboshpanasi. номли Телеграм каналига бу борадаги ўз ғоя ва таклифларини юборишни сўраган. Ушбу таклифлар асосида талабаларни уй-жой билан таъминлаш масалаларини яхшилаш бўйича тегишли ишлар олиб борилади.
Жорий йилнинг июнь ойи ўрталарида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабалар учун ётоқхоналар ташкил этилиши ҳақида парламентга ҳисобот берганди. Унинг сўзларига кўра, мавжуд ётоқхоналарни оптималлаштириш туфайли ўтган йили 20 мингта янги жой яратилган. Бундан ташқари, 11.4 мингта ўринга мўлжалланган 296 та талабалар турар жойлари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Умуман олганда, ўтган йили талабалар турар жойлари сиғими 32070 ўринга оширилиб, 91 416 тага етган.
Олий таълим вазирлиги ижара уй-жой излаётган барча талабаларга бу борада амалий ёрдам кўрсатадиган мураббийларга мурожаат қилишни тавсия қилган. Улар томонидан масъулиятсиз ҳолатлари кузатилганда @manaviatedubot. орқали шикоят қилиш мумкин.
"Талабалар уй-жой билан тўлиқ таъминланмагунча бу тадбирлар доимий назоратда бўлади", - деб таъкидлади вазирлик.
Изоҳлар мавжуд емас