Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар мавсуми яқинлашаётгани муносабати билан мутахассислар аҳолини касалликнинг олдини олиш чораларига олдиндан эътибор қаратишга чақирмоқда.
Тиббиёт фанлари доктори, вирусолог Дилдора Секлернинг таъкидлашича, гриппнинг ўзига хос профилактикаси учун энг самарали восита — вакцинация ҳисобланади. У сентябрь ёки октябрь ойларида, жорий эпидемиологик мавсум учун мўлжалланган вакцина билан эмланишни тавсия қилган.
Вирусологга кўра, эмлашни соғлом катталар, олти ойдан катта болалар, кексалар ва ҳомиладор аёллар олиши мумкин. Бироқ вакцина фақат грипп вируси ва унга қарши ишлаб чиқилган штаммлардан ҳимоя қилиб, бошқа ЎРВИ чақирувчи вируслардан тўлиқ муҳофаза қилмайди.
Мутахассис тўғри овқатланиш, етарли ухлаш, тоза ҳавода сайр қилиш, хоналарни мунтазам шамоллатиш ва намлаб туришни ҳам тавсия қилган. Касалланиш кўпайган даврда эса одамлар гавжум жойларга боришни чеклаш мақсадга мувофиқ.
Оилада касалланган инсон бўлса, қўлларни тез-тез ювиш, ниқоб тақиш ва кўп тегиладиган юзаларни мунтазам тозалаш тавсия этилади. Касаллик белгилари пайдо бўлганда эса ўзбошимчалик билан даволанмасдан, шифокорга мурожаат қилиш муҳимлиги таъкидланган.

Изоҳлар мавжуд емас