Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда пиёз нархи ошгани ҳақидаги хабарлар тарқалиши ортидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди. Унда мамлакатда мазкур маҳсулот етиштириш ҳажми ички талабдан сезиларли даражада кўплиги маълум қилинди.
Мамлакатда жорий йилда жами 1,5 миллион тонна пиёз етиштирилиши ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, бу аҳолининг тиббий меъёрлар бўйича йиллик истеъмол эҳтиёжидан 400 минг тоннага (35 фоизга) кўп ҳисобланади.
Хусусан, Сурхондарё вилоятининг ўзида ҳам 9 ой ичида 387,1 минг тонна ҳосил йиғилган. Бироқ ушбу ҳудуднинг иқлимий хусусиятлари боис октябрь ва ноябрь ойларида пишиб етиладиган кечки пиёз йирик майдонларда кам экилади.
Ҳозирги вақтда Сурхондарё бозорларидаги талабни тўлиқ қондириш мақсадида хусусий тадбиркорлар томонидан Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан пиёз келтириб сотилмоқда.
Табиийки, узоқ масофадан ташиш ва логистика харажатлари маҳсулотнинг охирги нархига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Жумладан, Жиззах ва Самарқанддан Сурхондарёга 1 килограмм юкни етказиб бериш учун 350–370 сўм харажат қилинади.
Айни пайтда деҳқонлардан пиёзнинг 1 кг харид нархи Жиззахда 2 600–3 300 сўмни, Самарқандда эса 2 800–3 000 сўмни ташкил этмоқда.
Транспорт ҳамда бошқа харажатлар қўшилгач, маҳсулотнинг етказиб бериш таннархи Жиззахдан келганда 2 950–3 650 сўмни, Самарқанддан келганда эса 3 150–3 350 сўмни ташкил этиб, Сурхондарё бозорларида чакана нархлар 4 000–4 500 сўм атрофида шаклланмоқда.
Вазирлик таҳлилларига кўра, айрим ҳолатларда харид ва етказиб бериш таннархи билан бозордаги чакана нарх ўртасидаги фарқ (олди-сотди маржаси) 52,5 фоизгача етаётгани кузатилган.
Умуман олганда, пиёз нархининг шаклланишига маҳсулот етиштиришнинг мавсумий хусусиятлари, бошқа ҳудудлардан ташиб келиш билан боғлиқ транспорт-логистика хизматлари ҳамда ёқил-мойлаш материалларининг қимматлиги, шунингдек, айрим олди-сотди билан шуғулланувчи шахсларнинг савдо маржаси 25 фоиздан 50 фоизгача етказилаётгани каби омиллар таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, келгуси қиш-баҳор мавсуми учун республика бўйлаб жами 102,8 минг тонна пиёзни захирага жамғариш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва водий вилоятларида янги ҳосилни далалардан йиғиб олиш жараёнлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил сентябрь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 9,2 фоизни ташкил этиб, нархлар ўсиши энг кўп гўшт ва сут маҳсулотлари, бензин ҳамда ёқилғи билан боғлиқ харажатларда сезилганди.

Изоҳлар мавжуд емас