Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан бошлаб илмий даражалар беришнинг янги тизими жорий этилади. Шу муносабат билан амалдаги тартиб бўйича диссертация ҳимоялари тўғрисидаги эълонларни Олий аттестация комиссияси веб-сайтида бериш жараёни жорий йилнинг 30 ноябрида якунланиши маълум қилинди.
Хабарга кўра, веб-сайтда эълон бериш учун ҳужжатларни тақдим этиш шу йилнинг 13 ноябрига қадар давом этади.
Шунингдек, диссертация ҳимояси тўғрисида эълони берилган барча талабгорларнинг ҳимоясини жорий йилнинг 31 декабрига қадар ўтказиш кўзда тутилган.
Олий аттестация комиссияси талабгорлар, илмий кенгашлар ва илмий семинарлар раҳбариятига мурожаат қилиб, барча жараёнларни белгиланган муддатларда якунлаш имконияти бўлмасa, диссертация ҳимоясини 2027 йил 1 январдан бошлаб жорий этиладиган янги тизим асосида ташкил этишни режалаштиришни тавсия этилган.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар учун хавотирга ўрин йўқлиги, диссертацияларни ҳимояга қабул қилиш янги тасдиқланадиган низомлар асосида келаси йилнинг 1 январидан узлуксиз давом этиши билдирилган.
Янги тартибга кўра, илмий кенгашлар янги норматив ҳужжатлар асосида шакллантирилади ҳамда уларнинг мустақиллиги ва масъулияти оширилиб, кенгроқ ваколатлар берилади.
Бундан ташқари, Олий аттестация комиссияси илмий кенгашлар томонидан илмий даражаларда тасдиқланган шахсларнинг аттестация ишларини танлов асосида текширишни амалга оширади.
Умуман олганда, янги тизимнинг асосий мақсади — илмий даражалар бериш жараёнини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тартибларни қисқартириш ва илмий кенгашларнинг масъулиятини янада оширишдан иборатлиги айтилмоқда.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда педагогларнинг малака синовлари вақтида тест саволлари суратга олиниб, имтиҳон ҳудудидан олиб чиқилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Изоҳлар мавжуд емас