Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Янги Тошкентда замонавий турар жой мажмуалари, А тоифали офис бинолари, савдо ва умумий овқатланиш масканлари, меҳмонхоналар ҳамда конференция марказларини ўз ичига олган йирик лойиҳа амалга оширилиши мумкин. Бу масала хорижий девелопер ва Ўзбекистон расмийлари ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди.
4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Исломобод шаҳрида IMARAT Group раҳбари Акбар Шафик билан учрашган. Суҳбатда компанияни Янги Тошкент лойиҳасига жалб этиш, шунингдек, мамлакатда йирик кўчмас мулк ва комплекс қурилиш йўналишларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилган.
Учрашувда Янги Тошкент лойиҳаси, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумот берилган. Томонлар замонавий турар жойлар, А тоифали офислар, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, меҳмонхоналар, конференция марказлари ҳамда жамоат жойларини ўз ичига олган кўп тармоқли лойиҳа устида ишлаш имкониятларини муҳокама қилган.
Шунингдек, компаниянинг кўчмас мулк соҳасида рақамли технологиялардан фойдаланиш тажрибаси ҳам эътиборга олинган. Унга қурилишдан ташқари, келгусида объектларни бошқариш, сотиш ва мижозларга рақамли хизмат кўрсатиш тизимларини жорий этиш имкониятларини ўрганиш таклиф қилинган.
Акбар Шафик Ўзбекистондаги шаҳарсозлик соҳасидаги ўзгаришлар катта таассурот қолдирганини таъкидлаган. У Янги Тошкент лойиҳасини муҳим ташаббус сифатида баҳолаб, аввал Ўзбекистонга ташриф буюриш, лойиҳа билан батафсил танишиш ва шундан кейин ҳамкорликнинг кейинги босқичларини белгилаш ниятида эканини билдирган.
Учрашув якунида компания делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва дастлабки музокаралардан инвестиция концепциясини ишлаб чиқиш босқичига ўтиш бўйича келишувга эришилган.
Маълумот учун, IMARAT Group — кўчмас мулк, қурилиш, архитектура ва дизайн, меҳмонхона бизнеси, қурилиш материаллари, объектларни сотиш ва бошқариш, шунингдек, кўчмас мулк соҳасидаги рақамли технологиялар йўналишларида фаолият юритувчи Покистон компанияси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Imarat Development қурилиш лойиҳаси раҳбари Марат Ҳамдамовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида ажрим чиқарилганди. Ушбу процессуал қарор 2 ноябрь куни суд томонидан қабул қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас