Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ички ишлар вазирлиги томонидан оммавий тадбирларни ўтказиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга оид ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳада 100 ва ундан ортиқ киши қатнашадиган концерт, спорт мусобақалари ҳамда фестиваллар учун янги хавфсизлик қоидаларини белгилаш назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, реклама ёки акция мақсадида озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни бепул тарқатиш ёхуд ҳаддан ташқари арзон нархда сотиш орқали аҳолини оммавий йиғиш тақиқланади.
Шунингдек, чипталарни қалбакилаштириш ва баланд нархда қайта сотишнинг олдини олиш мақсадида сотувни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, тегишли рухсатнома олинмагунча тадбирни реклама қилиш ва чипта сотишни ман этиш таклиф этилмоқда.
Тадбирларда одамлар оқимини ва зичлашувини назорат қилиш учун дронлардан фойдаланиш, 2027 йилдан эса қоидабузарларнинг электрон ҳисобини юритиб, уларнинг тадбирларга киришини суд орқали чеклаш кўзда тутилган.
Ички ишлар вазирлиги таъкидлашича, кейинги пайтларда айрим савдо мажмуалари ва дўконлар томонидан бепул маҳсулот ёки ҳаддан ташқари катта чегирмалар эълон қилиниши оқибатида одамларнинг оммавий тиқилинчи юзага келиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Бу каби тартибсизликлар фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётига бевосита хавф туғдириши билан бирга, жамоат тартибининг бузилишига олиб келмоқда.
Мазкур тақиқ ва чекловлар айнан ана шундай хавфли тиқилинчларнинг олдини олиш ва оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.
Мазкур янги қоидалар тўй, оилавий ва маросим тадбирларига, шунингдек, йиғилиш ва митингларга татбиқ этилмаслиги билдирилди. Қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 20 ноябрига қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ электр энергияси учун тўлов тартибига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди.

Изоҳлар мавжуд емас