Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш оқибатида оғир оқибатлар келиб чиқса, автомобилни топширган шахснинг ўзи бевосита жиноий жавобгарликка тортилади. Ушбу норма йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги қонун лойиҳасида назарда тутилмоқда.
Расмий хабарга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тезликни соатига 80 километрдан ортиқ ошириш, ноқонуний пойгалар ташкил этиш ҳамда тунги вақтда юк машиналарини хавфли тарзда қолдириб кетиш каби қилмишлар учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик киритилмоқда.
Хусусан, маъмурий жазонинг янги тури — автотранспорт воситасини 6 ойдан 1 йилгача муддатга вақтинча олиб қўйиш чораси жорий этилмоқда. Ушбу жазо ҳайдовчилик ҳуқуқи бўлмаган ёки ундан маҳрум этилган шахслар томонидан маст ҳолда машина бошқариш, йўл безорилиги ва пойгаларда иштирок этиш ҳолатларида суд томонидан қўлланилади.
Шунингдек, ҳужжатда такрорий ва қўпол қоидабузарликлар учун жарималарни чегирма билан тўлаш имкониятини вақтинча чеклаш ҳам кўзда тутилган.

Изоҳлар мавжуд емас