Загрузка
Загрузка
Кадастр тизимида "битта ариза – битта тўлов" тамойили жорий этилади
Сиёсат

Кадастр тизимида "битта ариза – битта тўлов" тамойили жорий этилади

14
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Жорий йилнинг биринчи ярмида кадастр хизматларидан фойдаланиш учун 1 миллиондан ортиқ ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 330 мингтаси ёки 30 фоизи рад этилган. Таъкидланишича, ҳар учта аризадан биттаси қаноатлантирилмагани фуқароларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашига, шунингдек, коррупциявий хавфларнинг ортишига сабаб бўлмоқда. 

Маълум қилинишича, ҳозирги тизимда бир масалани ҳал қилиш учун бир нечта ариза топшириш ва ҳар бири учун алоҳида тўлов қилиш талаб этилмоқда. Масалан, битта ҳовлини ака-ука ўртасида бўлиш учун тўртта, меросни уч қисмга ажратиш учун эса олтита ариза расмийлаштириш лозим. Ҳар бир ариза туман, вилоят ва республика даражасида 30–50 босқичда кўриб чиқилиб, жараён ўртача 15–20 кун давом этади. 

Шу муносабат билан Президентга кадастр хизматларини қуйи бўғинга тушириш, ҳудудий бўлинмалар ваколатини кенгайтириш ҳамда "битта ариза – битта тўлов" тамойилини жорий этиш таклиф қилинди. Янги тартибга кўра, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ юзага келганда ариза автоматик шакллантирилади ва хизмат проактив тарзда кўрсатилади. Бу орқали йилига 1,2 миллион нафар аризачининг вақти ва маблағи тежалиши, 200 мингга яқин ортиқча ариза қисқариши кутилмоқда. 

Шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни тўлиқ онлайн шаклга ўтказилиши режалаштирилган. Натижада ҳар йили 500 мингта аризани амалдаги 10–15 кун ўрнига бир неча сонияда рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилади. 

Тақдимотда кадастр тизимининг бошқарув тузилмаси ҳам танқид қилинган. Ҳозирда ходимларнинг 56 фоизини раҳбар ва назоратчилар ташкил этаётгани, 700 дан ортиқ бўш иш ўрни мавжудлиги ҳамда ходимларнинг 40 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишламаётгани қайд этилган. 

Шу боис республика, вилоят ва туман даражасидаги кадастр тузилмаларини бирлаштириш, республика даражасидаги ходимларнинг камида 30 фоизини туманларга ўтказиш режалаштирилган. 

Бундан ташқари, Президент томонидан "Кадастр маслаҳат бурчаги" ва "Тезкор кадастр" хизматларини бир ҳафта ичида йўлга қўйиш, 2018 йилгача ноқонуний қурилган уйлар учун жарима қўлламаслик, ноқонуний қурилиш ихтиёрий бартараф этилганда жавобгарликни енгиллаштириш ҳамда кўчмас мулк ҳуқуқини ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаганларга биринчи марта жарима ўрнига огоҳлантириш бериш таклифлари маъқулланган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...