Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Юнусобод туманида "Тошшахартрансхизмат" автобуслари иштирокидаги тўқнашув оқибатида йўловчи жабрланди.
Авария жорий йилнинг 2 август куни соат 08:10 атрофида Амир Темур шоҳкўчасидаги "Юлдуз" бекати яқинида юз берган. 17-сонли йўналишдаги автобус бекатда тўхтаб турган 85-сонли электробусга бориб урилган.
Тўқнашув оқибатида автобусдаги бир нафар йўловчи тан жароҳати олган. Ҳайдовчи жабрланувчини тез ёрдам машинасида Тошкент давлат тиббиёт университетининг стоматология клиникасига кузатиб борган ва унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Ҳодиса туфайли ҳар икки автобус техник шикастланган ва айни пайтда уларни таъмирлаб линияга қайтариш чоралари кўрилмоқда. ЙТҲнинг келиб чиқиш сабаблари Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Тошкентдаги автобус бекатларини модернизация қилиш жараёнини текшириб чиққанди. Маълум бўлишича, май-июнь ойларида фойдаланишга топширилиши керак бўлган 120 та бекатнинг бирортаси ҳам ҳали расман қабул қилинмаган.

Изоҳлар мавжуд емас