Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Wildberries компанияси ўз вакилларининг миллий почта оператори UzPost кузатув кенгаши таркибига киритилишига изоҳ берди. Компания матбуот хизмати бу ҳақда махсус Batafsil.uz мухбирига маълум қилди.
Компания вакилларининг таъкидлашича, маркетплейс менежерлари почта операторини модернизация қилиш, шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва тезлигини ошириш мақсадида кузатув кенгаши таркибига киритилган. Wildberries вакиллари йирик электрон савдо майдонларидан бирининг раҳбариятидаги мутахассислар иштироки мамлакатда электрон тижорат соҳасининг ривожига ижобий таъсир кўрсатишини қайд этган.
Компанияда почта хизмати одатдагидек ишлашда давом этишини билдиришган. Шу билан бирга, инвестициялар ва технологик кўмак ҳисобига операторнинг ривожланиши учун янги имкониятлар пайдо бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UzPost акциядорлари кузатув кенгашининг амалдаги аъзолари ваколатини муддатидан олдин тугатиб, янги таркибни сайлаган эди. Унга Wildberries & Russ тузилмаларига алоқадор беш нафар вакил киритилганди.
Шу йиғилишда Wb int export компаниясидан 100 миллиард сўм миқдорида қарз жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Бироқ овоз беришда барча иштирокчилар бетараф қолгани сабабли қарор қабул қилинмаган.
Аввалроқ UzPost хусусийлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Иқтисодчи Отабек Бакиров миллий оператор "шимолий маркетплейслардан бирига" сотилиши мумкинлигини айтган, экспертлар эса гап Wildberries ҳақида кетаётганини тахмин қилган. Ўша вақтда UzPost инвестор жалб қилиш масаласини кўриб чиқаётганини тасдиқлаган, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эса хусусийлаштириш жараёни шаффофлигини таъминлашга чақирган.
Ҳозиргача ушбу эҳтимолий битимга ҳукумат ёки Wildberries томонидан расмий изоҳ берилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас