Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллари тизими амал қила бошлади. Агар ҳайдовчи йил давомида 12 ва ундан ортиқ балл тўпласа, у камида олти ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати асоссиз балл қўйилган тақдирда шикоят қилиш мумкинлигини билдирди.
Бу ҳақда бугун АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун Маъмурий жавобгарлик маркази ташкил этилган бўлиб, у ерга тегишли ариза билан мурожаат қилиш мумкин. Унинг филиаллари бир нечта вилоятларда фаолият юритмоқда, бироқ қайси ҳудудлар жканлигига аниқлик киритилмаган.
Мухбиримиз янги тизимни жорий этиш нега чўзилиб кетгани билан ҳам қизиқди. Аввалига у 2019 йилда пайдо бўлиши айтилганди. 2022 йил декабрь ойида ишга тушириш бўйича аниқроқ режалар белгиланди. Бироқ, тизимни жорий этиш учун зарур бўлган ҳужжат қонун чиқарувчиларга фақат 2023 йилда етиб борган. Ўша йилнинг ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси уни Сенатга юборган. У ерда уни бир йилдан ортиқ муҳокама қилишган.
Бозоровнинг айтишича, бунга кўплаб қайта ишлашлар сабаб бўлган. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси бўйича айрим масалалар ҳамон ўз ечимини топмаган. Хусусан, бир ой муддатда масъул органлар жарима балларини ҳисоблаш тартибини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак.
Бундан ташқари, матбуот анжуманида балларни ҳисоблашда юзага келиши мумкин бўлган коррупцион хатарлар масаласи ҳам кўтарилди. ЙҲХХ маълум қилишича, хизмат планшетлари ва боди-видеокамералардан фойдаланиш орқали коррупция ҳолатларини қайд этиш ва уларга чек қўйиш мумкин.
Эслатиб ўтамизки, 20 февраль куни Ўзбекистон президенти Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Олтита янги модда қўшилди, амалдаги 29 та меъёр ўзгартирилди.
Жарима баллари қуйидаги қоидабузарликлар учун ҳисобланади:
• носоз ёки ноқонуний қайта жиҳозланган автомобилни бошқариш;
• тўхташ, тўхтаб туриш ва йўловчиларни ташиш қоидаларини бузиш;
• тезликни ошириш;
• қизил чироқда ҳаракатланиш;
• қарама-қарши йўналишга чиқиш;
• нотўғри қувиб ўтиш;
• хавф туғдирувчи гуруҳ бўлиб ҳаракатланишда иштирок этиш;
• тақиқланган ёруғлик ва овозли қурилмалардан фойдаланиш;
• рақамларни ноқонуний ечиб олиш;
• темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларини бузиш;
• ЙТҲ жойини тарк этиш.
Қоидабузарликларнинг якуний рўйхати ҳозирча тасдиқланмаган. Аҳамиятлиси шуки, тизим фаолиятининг биринчи босқичида ЙПХ ходимлари томонидан қайд этилган қоидабузарликлар учун жарималар ҳисобланади. Қоидабузарликларни қайд этишнинг техник воситалари тизимга кейинроқ жорий этилади, айнан қачонлиги ноақниқ.

Изоҳлар мавжуд емас