Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси фуқароларни "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида пул эвазига овоз беришни таклиф қилувчи норасмий Телеграм-ботлар ва реклама хабарларига ишонмасликка чақирди. Қўмита айрим блогерлар бундай рекламаларни тарқатганини аниқлаб, уларга огоҳлантириш берган.
Қўмита маълум қилишича, "Ташаббусли бюджет" лойиҳасида овоз бериш фақат Ochiq budjet ахборот портали, унинг Android ва iOS иловалари ҳамда Телеграм мессенжеридаги расмий бот орқали амалга оширилади. Амалдаги тартибга мувофиқ, овоз бериш учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди ва овоз берганлик учун моддий рағбатлантириш назарда тутилмаган.
Текширувлар давомида айрим блогерлар учинчи шахслар манфаати йўлида норасмий ботлар орқали ҳақ эвазига овоз бериш мумкинлиги ҳақида реклама тарқатгани аниқланган. Шунингдек, рекламада "расмий" деган сўзлар ва Ochiq budjet логотипига ўхшаш белгилардан фойдаланилгани фуқароларни чалғитиши мумкинлиги қайд этилган.
Қўмита маълумотига кўра, utkir_shodmonov (Ўткир Шодмонов), Mominlive.1 (Абдурасул Иброҳимов), Aslbek_emir (Асилбек Амиров) ва jasjannew (Жасур Шодиев) каби блогерларга огоҳлантириш ва тушунтиришлар берилган, қонунчиликка зид рекламалар эса олиб ташланган.
Рақобат қўмитаси фуқароларни фақат расмий манбаларга ишонишга, норасмий ботлар орқали тарқатилаётган таклифларга алданмасликка чақирган ҳамда қонунчилик талаблари бузилган ҳолатларда тегишли чоралар кўрилишини маълум қилган.
Бундан олдин ҳам блогер Н.Собиров ўзининг @nurbek_sobiroff номли саҳифасида алкоголли ичимликлар рекламасини жойлаштирганлиги маълум бўлганди ва унга нисбатан ҳам чора кўрилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас