Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда Yandex Go иловаси фаолиятида такси буюртмалари кечикиши кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда буюртма учун 44 дақиқа кутишга тўғри келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шаҳар транспорт бош бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Кеча Украина дронлари Россиянинг Владимир шаҳридаги Яндекс технология компаниясига тегишли дата-марказга зарба бергани ҳақида хабарлар тарқалганди. Маълум қилинишича, марказ шикастланиши оқибатида унинг фаолияти тўлиқ тўхтаган ва айрим хизматларда узилишлар юзага келган. Бу бир ҳафта ичида Яндекс инфратузилмасига қилинган учинчи ҳужум бўлган.
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси маълумотига кўра, Yandex Go фаолиятидаги вақтинчалик узилишлар Россия ҳудудида жойлашган компаниянинг айрим серверларидаги техник носозликлар билан боғлиқ. Муаммо Ўзбекистондан ташқари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бошқа мамлакатларида ҳам қайд этилган.
Ҳозирда компания техник носозликларни бартараф этиш ва хизмат фаолиятини тиклаш устида ишламоқда. Бош бошқарма узилишлар тўлиқ бартараф этилгунига қадар фуқароларга муқобил такси агрегаторларидан фойдаланишни тавсия қилган.

Изоҳлар мавжуд емас