Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги янги автобус бекатларидаги шароитлар, хусусан, уларнинг атрофида соя берадиган бирорта ҳам дарахт қолдирилмагани кескин танқид қилинган видеомурожаат кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
"Чилонзор" метро бекатига яқин ҳудуддаги янги бекатлардан бирида олинган видеода йўловчилар саратон жазирамасида қуёш тиғидан қочишга жой топа олишмаётгани яққол кўринади. Мурожаат муаллифи янги қурилишлар ва инфратузилма объектлари атрофида яшиллик зоналари деярли қолмаётганини таъкидлаган. Энг ачинарлиси, темир ва бетон конструкциялардан иборат ушбу бекатлар ёзнинг жазирамасида қуёш нурларини ўзига тортиб, иссиқликни икки баробар оширишга "хизмат қилмоқда".
Шунингдек, бу бекатларнинг нафақат иссиқдан, балки куз-қиш мавсумида ёмғир ва қордан ҳам инсонларни ҳимоя қила олиши катта сўроқ остида. Ён томонлари очиқ, ички майдони эса йўловчилар оқимига нисбатан анча кичик бўлган бу конструкциялар нима мақсадда айнан шу шаклда лойиҳалангани кўпчиликни ўйлантирмоқда. "Агар мақсад аҳолига қулайлик яратиш бўлса, бу ерда қайси қулайлик инобатга олинган? Жазирамада соясиз тик туришми?" деган ҳақли саволлар ўртага ташланмоқда. Ҳатто бу иссиқда чумчуқлар ҳам оммавий тарзда ҳалок бўлмоқда.
Вазиятнинг жиддийлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг огоҳлантиришлари фонида янада яққол намоён бўлади. Вазирлик аҳолини кучли иссиқ кунларида эҳтиёт чораларини кўришга чақириб, бундай об-ҳаво организмнинг қизиб кетиши, сувсизланиш, қон босими ўзгариши ва юрак хуружи хавфини кескин оширишини маълум қилган эди. Бироқ шаҳар кўчаларидаги янги бекатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мутлақо тескари тарзда, аҳоли саломатлигини хавфга қўядиган ҳолатда қурилган.
Аҳолининг чилла даврида бундай шароитда қолиб кетаётгани кейинчалик тиббий ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши муқаррар. Шаҳар транспорти ва йўл инфратузилмаси учун масъул идоралар лойиҳаларни амалга оширишда фақатгина қуруқ "замонавий кўриниш"га эмас, балки маҳаллий иқлим шароити ва йўловчилар соғлиғига эътибор қаратишлари шарт. Жамоатчилик тез орада масъуллар томонидан ушбу вазият тизимли равишда ўрганилиб, амалий ечим топилишини кутмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас