Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Таҳририятимизга бир қизиқарли мактуб келиб тушди. Унда "Биз чиройли маҳаллий помидор сотиб олдик, ачичуқ тайёрладик, аммо деярли ярмини ташлашга тўғри келди. Ичидан қандайдир оқ томирчалар ўтган. Тушунтиринг-чи, нега бундай бўлаяпти, яна хокимиятми, йўғ-э кечирасиз, яъни химикатлар айбдорми?", -деб ёзилган.
Ижтимоий тармоқларда шунга ўхшаш шикоятлар кўп. Биз бундай помидорларнинг пайдо бўлишига сувми, кимёвий моддаларми ёки нотўғри ўғитлар сабаб эканлигини аниқлашга қарор қилдик. Балким бу ўзбек помидорининг янги навидир? Бу борада Сабзавот ва полиз экинлари ва картошка илмий-тадқиқот институти директори Рустам Низамов бизга ёрдам берди.
Ҳаммасига "ген" айбдор
"Баъзи замонавий гибрид помидорларда унинг узоқ сақланиши ва ташиш пайтида бутун қолиш имконини берувчи махсус ген бор. Бундай помидорларда оқ томирлар мева шаклини сақловчи "синч" бўлиб хизмат қилади", - деди олим.
Унинг сўзларига кўра, оқ томирлар таъмсиз ва ва қаттиқ, шунинг учун "узоқ умрли" гени бўлган помидор гибридлари одатда шахсий истеъмол учун етиштирилмайди, бундай мевалар кўпинча сотишга мўлжалланган. Уларнинг ташқи кўриниши жуда жозибадор бўлади.
Озуқа моддалари етишмаслиги ва иссиқ ҳаво
Мутахассиснинг сўзларига кўра, помидор кўпинча калий, кальций етишмаслиги ва ортиқча азот туфайли ҳам оқ томирлар билан ўсади. Шунингдек, иссиқхонадаги нотўғри ҳарорат режими, суғоришнинг камлигидан ҳам бу юз бериши мумкин.
"Калий етишмаслиги белгиларига пастки баргларда куйиш аломатлари, меванинг нотекис ранги киради. Кальцийнинг етишмаслигидан тепадаги чириш ва юқори баргларнинг қуриши далолат беради. 30 даража иссиқ ҳавода помидор ўсимликлари тупроқдан калийни ўзлаштиришни тўхтатади. Юқори ҳароратда ҳам ўсимликлар гулласада, лекин мевалар уларга боғланмайди. Шунинг учун бундай пайтларда ҳароратни пасайтириш ва суғориш ёрдамида ҳавонинг намлигини оширишга ҳаракат қилиш керак. Ҳафтада камида бир марта ҳар бир бутанинг тагига 5 литр сув қуйилади. Иссиқхоналарни шамоллатиб, уларда сув билан идиш қолдиришни унутмаслик керак", - деди Рустам Низамов.
Юқори ҳаво ҳароратида ва кам суғоришда помидорнинг қизил ранги учун жавоб берадиган муҳим ликопен пигменти ҳосил бўлмайди. Шунинг учун бундай ноқулай шароитда помидорнинг мағзи енгил ва таъмсиз бўлади.
Помидорда ҳам коронавирус бўларканми?
Мутахассиснинг таъкидлашича, одатда помидорлар Столбур (фитоплазмоз) каби вирусли касалликка чалиниши мумкин.
"Столбур- бу помидорнинг вирусли касаллиги ҳисобланиб, афсуски, даволанмайди. Касаллик белгилари мева тўла етилгунча ҳам пайдо бўлади. Ўсимликнинг барглари кичрайиб, дағал бўлиб, пушти-бинафша ранг олади. Уларнинг четлари букилиб, пояси қалинлашади, гуллари оқариб, бир-бировига қўшилиб кетади. Агар у мева солган тақдирда ҳам, ранги нотекис бўлади", - деди у.
Кимёвий ишлов берилган помидорларнинг ҳиди бўлмайди!
Олимнинг фикрига кўра, помидорнинг “черри” навидан ташқари, сабзавот экинлари мевалари, хусусан помидорларнинг ностандарт ва бадбашара шакли уларнинг турли касаллик ва зараркунандалардан азият чекканидан далолат беради.
Яна бир муҳим ҳолат шундаки, агар меваларда хушбўй ҳид бўлмаса, бу помидор кимёвий моддалар ёрдамида етиштирилгани, бундай меваларда деярли таъм бўлмаслигини кўрсатади.
Изоҳлар мавжуд емас