Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон ҳукумати гўшт ва унни қандай қилиб арзонроқ қилиш мумкинлигини топган. Ўзбекистонлик компаниялар Қозоғистонда қорамол ва дон етиштириб, кейин уларни мамлакатимизга олиб келишади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
"2023 йил охиригача Ақмола ва Қостанай вилоятлари ҳудудида Ўзбекистонга экспорт қилиш учун дон ва озуқа экинларини биргаликда етиштириш лойиҳаси ишга туширилади. Яқин келажакда Ўзбекистон томони ер участкалари ва шериклик шартларини аниқлаш учун минтақаларга ташриф буюришни режалаштирмоқда", – деди Қозоғистоннинг савдо ва интеграция бўйича биринчи вице-вазири Арман Шаккалиев Олмаотада бўлиб ўтган Asia Grain Conference конференциясида сўзлаган нутқида.
Амалдорнинг сўзларига кўра, қўшма лойиҳалар қаторига 20 минг бош қорамол ва гўштни қайта ишлаш комплекси учун боқиш майдончаси, шунингдек, Туркистон вилоятида мева-сабзавот экинларни қайта ишлаш заводи қурилиши ҳам киради.
Бундан ташқари, 1 миллион тоннагача Қозоғистон донини чуқур қайта ишлаш бўйича донни қайта ишлаш кластерини ташкил этиш ва "Марказий Осиё" саноат кооперацияси халқаро маркази майдончасида ўсимлик ёғини рафинация қилиш лойиҳасини ишга тушириш кўзда тутилган.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳамкорлигини кенгайтириш доирасида " UZKAZTRADE" қўшма экспорт-импорт компанияси ташкил этилган бўлиб, унинг 50 фоизи Қозоғистоннинг "QazTrade" ва 50 фоизи Ўзбекистоннинг " UZTRADE" компанияларига тегишли.
Ташқи савдо компанияси бизнесга ўзаро маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш, ўзаро савдода чекловлар ва тўсиқларни олиб ташлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда ёрдам беради. Дастлабки босқичда Қозоғистон бозори эҳтиёжларини қондириш учун Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш режалаштирилган.
Изоҳлар мавжуд емас