Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 19 октябрь куни Навбаҳор тумани халқ депутатлари Кенгаши томонидан ушбу ҳудуддаги депутат Анвар Хидировни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга ва уни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилди. Тергов органлари "Карвон" №23 округидан сайланган ва Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси бўлган ушбу депутатни спорт мактабида деярли 362 миллион сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва мансаб сохтакорлиги ҳолатларига алоқадорликда гумон қилмоқда.
Тергов версиясига кўра, Анвар Хидиров Навбаҳор туманидаги 1-сонли спорт мактабини бошқарган даврида муассаса бош ҳисобчиси билан биргаликда тарбияланувчиларнинг юқори спорт натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса-да, ходимларга лавозим маошларига ҳар ойлик устамалар тайинлаб келган.
Натижада умумий ҳисобда 361 миллион 989,7 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағлари талон-тороп қилингани ва етказилган зарарнинг бир қисми қоплангани билдирилган.
Ушбу ҳолат бўйича Нурота тумани прокуратураси 14 октябрь куни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "д" банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тороп қилиш) ҳамда 209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги) аломатлари асосида депутатга нисбатан тегишли розилик олиш ҳақида тақдимнома киритган.
Кенгашнинг регламент ва депутатлик этикаси масалалари бўйича доимий комиссияси муҳокамасидан сўнг, депутатлик дахлсизлигини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, нусхаси прокуратурага юборилган.
Таъкидланишича, ушбу қарор доимо депутатнинг айбдорлигини англатмайди ва ҳозирча гумонланувчиларнинг мавқеига доир қўшимча тафсилотлар ошкор этилмаган.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров пойтахт кўчаларига 8,4 миллиард сўм эвазига темир тўсиқлар ўрнатилаётгани юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовдан асослантирилган тушунтириш талаб қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас