Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистонда гиёҳванд моддалар контрабандасига уринишда гумонланиб ҳибсга олинган россиялик рэпер Navai (Наваи Бакиров)га нисбатан жиноят иши тугатилди. Жамбил вилояти полиция департаменти маълум қилишича, қарор ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилгани ва гумонланувчининг қилмишига пушаймон бўлгани инобатга олиниб, реабилитация қилмайдиган асослар бўйича қабул қилинган. Рэпер мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган.
Полиция маълумотига кўра, жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги процессуал қарор прокуратура томонидан ҳам тасдиқланган. "Реабилитация қилмайдиган асослар" бўйича ишнинг тугатилиши шахснинг оқланганини англатмайди.
Navai 13 октябрь куни Қозоғистонга кириб келаётганда "Кордай" чегара назорат пунктида ушланганди. Полиция ва чегара хизмати ходимлари унинг автомобилини текшириш вақтида гиёҳванд модда топиб, мусодара қилган. Шундан сўнг гиёҳванд моддалар контрабандасига уриниш гумони билан тергов бошланган.
Россия Қозоғистонга ҳолат бўйича нота юборганди.
Дастлаб рэпер вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган, кейинчалик суд уни икки ойга қамоққа олишга рухсат берган. Унинг адвокати Рена Керимова ҳимоя томони гаров эвазига озодликка чиқаришга ҳаракат қилаётганини билдирган.
Қўшиқчининг 14 октябрь куни Остонада ўтказилиши режалаштирилган концерти ҳам техник сабаблар билан бекор қилинган ёки бошқа муддатга қолдирилган.
Айни пайтда Қирғизистонда рэпер гиёҳванд модда билан чегарадан қандай ўтгани юзасидан ҳам текширув олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас