Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ ҳарорат фонида кунлик электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш ҳажми тарихдаги энг юқори кўрсаткични қайд этди. Юзага келган ўта юқори юклама туфайли тизимнинг бутунлай ишдан чиқиши ва йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида, мамлакатнинг бир қатор вилоятларида мажбурий вақтинчалик чекловлар жорий этилмоқда. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ушбу вақтинчалик чоралар тизим барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.
Хусусан, 16 июль куни Ўзбекистон ягона энергетика тизимида ёзги мавсум учун суткалик электр энергияси истеъмоли 291 миллион киловатт соатни ташкил этиб, янги тарихий рекордни ўрнатганди. Бу кўрсаткич ўтган йилги ёзги мавсумдаги энг юқори кўрсаткичдан қарийб 6,7 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, айни шу куни мамлакатда кунлик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам рекорд даражага — 295,4 миллион киловатт соатга етказилган эди.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, аномал жазирамада ҳаво ҳароратининг ҳаддан ташқари кўтарилиши очиқ ҳаводаги электр узатиш тармоқлари ва ускуналарининг ташқи томондан меъёрдан ортиқ қизишига олиб келмоқда. Бунинг устига, кундузги вақтларда хонадонлар ва идораларда бир вақтнинг ўзида минглаб совутиш мосламаларининг ёқиб қўйилиши ички юкламани кескин ошириб юбормоқда.
Натижада симлар ва ускуналар икки томонлама қизиб, уларнинг эриб кетиш ёки ёниб кетиш хавфи ортади. Бундай вазиятда тикланиши кунлаб давом этадиган глобал аварияларнинг олдини олиш мақсадида диспетчерлик хизматлари тармоқдаги юкламани мажбурий равишда камайтиришга киришган.
Шу сабабли, юклама критик даражага яқинлашган ҳудудларда электр қурилмаларини ҳимоя қилиш мақсадида икки соатлик вақтинчалик чекловлар эълон қилинган. Натижада Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Чироқчи туманларида, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Зомин туманларида, Хоразм вилоятининг Шовот, Гурлан ва Қўшкўпир туманларида ҳамда Тошкент вилоятининг Тошкент ва Зангиота туманларида истиқомат қилувчи минглаб истеъмолчилар тармоқдан вақтинчалик узиб турилган.
Энергетика соҳаси масъуллари юзага келаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраб, ушбу чоралар келажакда юз бериши мумкин бўлган янада йирик талофатларнинг олдини олишини таъкидламоқда. Ҳозирда жойларда юз бераётган маҳаллий носозликлар махсус тузилган авария бригадалари томонидан зудлик билан бартараф этилмоқда. Энергетиклар аҳолидан вазиятни тўғри баҳолашни сўраб, электр энергиясидан имкон қадар оқилона ва тежамкор фойдаланишни, зарурат бўлмаган маиший жиҳозларни тармоқдан узиб қўйишни тавсия этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас