Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда маҳаллий авиакомпаниялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида авиайоқилғи акциз солиғидан озод этилади, унга қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланилади. Шунингдек, эҳтиёт қисмлар импорти ва ҳаво кемаларини ижарага олиш бўйича ҳам солиқ-божхона имтиёзлари жорий этилади.
Бу ҳақда бугун, 27 ноябръ куни, Президент Шавкат Мирзиёев инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда маълум
қилди.
Қайд этилишича, келгуси йилдан авиайоқилғи нархи жаҳондаги ўртача нархга боғланган ҳолда шакллантирилади. Эҳтиёт қисмлар учун божхона божи бўйича имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилади. Ҳаво кемалари, двигателлар ва агрегатларни ижарага олишда ҳам қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланилади.
Бундан ташқари, маҳаллий авиакомпанияларга эҳтиёт қисмлар импорти учун тўланган қўшилган қиймат солиғини бир кун ичида қайтариш тизими жорий этилади.
Маҳаллий учувчиларни тайёрлаш ва ишга олиш мажбуриятини зиммасига олган авиакомпаниялар учун ҳам алоҳида енгилликлар белгиланади. Улар жалб қиладиган хорижлик мутахассислар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Бундай мутахассисларга ишлаш учун рухсатнома бериш йиғими эса 30 бараварга камайтирилади.
Яратилган шароитлар ҳисобига Ўзбекистондаги ҳаво кемалари сонини келгуси йилда 150 тага, 2030 йилгача эса камида 250 тага етказиш вазифаси қўйилган.
Халқаро аэропортларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида улар 2030 йилгача мол-мулк ва ер солиқларидан озод этилади. Бироқ ушбу имтиёзлар натижасида тежалган маблағлар аэропортлар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилиши шарт.
Шунингдек, Президент Ўзбекистон халқаро фуқаро авиацияси университетини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бунинг учун Янги Тошкент ҳудудидан 20 гектар ер ажратилади. Университетда замонавий кампус, ўқув-симуляция ва илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас