Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Экология ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан балиқларнинг кўпайиш даврида табиий популяцияни асраш ҳамда ноёб турларнинг йўқолиб кетишининг олдини олиш мақсадида мамлакатдаги табиий сув ҳавзаларида балиқ овлашга вақтинчалик тақиқ ўрнатилди.
Белгиланган муддатларга кўра, Амударё ва Сирдарёда 11 мартдан 31 майгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги табиий сув ҳавзаларида 26 апрелдан 10 июнгача, бошқа барча табиий сув ҳавзаларида эса 16 апрелдан 31 майгача балиқ овлаш тақиқланади.
Мазкур чора-тадбирлар "Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида"ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида амалга оширилмоқда. Ушбу тартиб сунъий сув ҳавзалари ёки ирригация тармоқларида интенсив технологиялар асосида балиқ етиштириш, аквакультура, шунингдек, қафас (садок) усулида балиқ етиштириш ва овлаш жараёнларига таъсир қилмайди.
Тақиқланган давр ва ҳудудларда балиқ овлаганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилиши эслатиб ўтилган.

Изоҳлар мавжуд емас