Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Нижегород вилоятида Ўзбекистон фуқароси Севара Мусаева уйининг кириш қисмига Россия байроғи ва герби тасвирланган гиламчани тўшагани ортидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширувга тортилди. Ҳолат Миграция агентлиги назоратига олинди.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 329-моддаси (давлат байроғи ёки давлат гербини ҳақорат қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Аёлнинг айтишича, у гиламчани бир неча кун аввал кўчадаги чиқиндилар орасидан топиб, ювиб-тозалагач уйига олиб кирган.
Воқеадан сўнг Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур ҳолатни назоратга олган. Консулхона Россиянинг тегишли давлат органлари билан алоқа ўрнатиб, воқеанинг барча тафсилотларига аниқлик киритиш ҳамда Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан расмий ахборот сўраган.
Шунингдек, Севара Мусаевага консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳам ҳолатни назоратга олганини маълум қилган. Агентликнинг Россиядаги ваколатхонаси ва Қозондаги Бош консулхона билан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилмоқда. Фуқаро билан алоқа ўрнатилган бўлиб, Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан унинг Ўзбекистонга қайтиши учун авиачипта расмийлаштирилган.
Маълум қилинишича, у 6 август куни Ўзбекистонга қайтиши режалаштирилган.
Аввалроқ Россияда ҳайвонлар бошпанаси ҳудудига ноқонуний кириб, жамоат тартибини бузган Ўзбекистон фуқароси майда безориликда айбдор деб топилиб, 500 рубль жаримага тортилганди.

Изоҳлар мавжуд емас