Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Тошкентда ва республиканинг бошқа вилоятларида пора талаб қилган фирибгарлар қўлга олинган. Кенгаш депутатлиги 3 минг доллар, поликлиникада хизматчи бўлиш эса 1200 долларга баҳоланган. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Тошкент туманларидан бирининг Халқ депутатлари Кенгаши депутати ўзининг дўстига Кенгашга сайланишга ёрдам беришини ваъда қилиб, бунинг учун 3 минг доллар сўраган. Бўнак сифатида 1,5 минг доллар олаётганда у Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бўлими ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ҳудудий бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.
Сирдарё вилоятида яшовчи 18 ёшли фуқаро ва Боёвут туманилик 17 ёшли йигит Гулистон шаҳрида яшовчи фуқарога 2 минг доллар эвазига Шимкентдаги М.Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон Давлат университетига киришда ёрдам беришга ваъда қилишган. Йигитлар Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилоят бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бўлими ходимлари томонидан ушланган.
Андижон вилояти Избоскан туманида истиқомат қилувчи 23 ёшли фуқаро Қирғизистон Ўш давлат университети тиббиёт факультетига имтиҳонсиз ўқишга киришга ёрдам бериш учун Марғилонда яшовчи фуқародан 1300 доллар олаётган пайтда Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилоят бўлими ва Департаментнинг ҳудудий бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.
Самарқанд вилояти Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасининг Марказий кўп тармоқли поликлиникасида ҳатто хизматчи бўлиб ишга жойлашиш учун пора талаб қилинган. Ушбу лавозим 1200 долларга баҳоланган. Поликлиника ходими 400 долларни олиб бўлган ва қолган 800 долларни олаётганида Давлат хавфсизлик хизмати ва Департамент ходимлари томонидан ушланган.
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи икки маротаба судланган фуқаро фермер хўжалиги раҳбарига пахта йиғим-теримига ўз ходимларини жалб этишни ваъда қилган. Бунинг учун у 6 миллон сўм сўраган. Акс ҳолда у хокимиятдаги танишлари орқали хўжаликка тегишли ерларни тортиб олишни айтган.
Фирибгар 5 миллион сўмни олаётган пайтда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.
Барча ҳолатлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас