Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда маълум пул эвазига ҳайдовчиларнинг жарима балларини базадан ўчириб беришни ваъда қилаётган фирибгарлар пайдо бўлди. ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев бу тизим тўлиқ ҳимояланганини ва жарима балларини ўчиришнинг ҳеч қандай техник имконияти йўқлигини маълум қилди.
Мутасаддининг таъкидлашича, фирибгарлар Telegram-каналларда сохта ёзишмалар ҳамда "миннатдорлик" видеоларини тарқатиб, фуқароларни чалғитишга уринмоқда. Айни пайтда мазкур турдаги кибержиноятларга қарши мониторинг ва назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ЙҲХБ вакили бугунги кунга келиб жарима баллари 12 баллдан ошган 700 нафардан ортиқ ҳайдовчини ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш чоралари кўрилаётганини билдирди. Фуқаролардан сохта таклифларга ишонмаслик ва шундай ҳолатларга дуч келганда зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилиш сўралмоқда.
Олдинроқ Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллари тизими жорий этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас