Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия Федерацияси мусулмонлари диний идорасининг бир нечта юқори лавозимли вакиллари ва муфтийлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди, бу эса маҳаллий ислом жамиятида хавотирларни келтириб чиқарди.
Хабарларга кўра, ҳибсга олинганлар орасида Мордовия муфтийси Абдулмалик Асаинов ва Карелиянинг собиқ муфтийси Висам Али Бардвил бор. Шунингдек, Санкт-Петербург ва Саратовдаги мусулмон ташкилотлари вакиллари ҳам қўлга олинган, бироқ уларнинг ҳозирги процессуал мақоми ва қаерда сақланаётгани ҳақида расмий маълумот берилмаган. Россия куч тизимлари ушбу ҳибсга олишларнинг асл сабаблари юзасидан ҳали баёнот бермаган.
Эътиборли жиҳати, бу сафар таъқиблар яширин ёки мухолиф диний гуруҳларга эмас, балки узоқ йиллар давомида Кремль билан яқин ҳамкорлик қилиб келган ва Равил Гайнутдин раҳбарлик қиладиган расмий диний идора вакилларига қаратилган. Ушбу уламолар давлатга содиқ бўлишига қарамай, Россияда исломий адабиётларнинг тақиқланиши, ҳижобга бўлган чекловлар ва диндорларнинг ҳуқуқлари поймол этилишига қарши вақти-вақти билан ўз эътирозларини билдириб келишган.
Мазкур воқеани Россиядаги ультрамиллатчи ва исломофоб ОАВлар, хусусан, "Царьград" телеканали мамлакатдаги "исломлашиш лоббисига қарши кураш" сифатида талқин қилмоқда. Бу тарғиботлар ортида муқаддам "Россиядаги 700 минг мусулмонни йўқ қилиш керак" деган кескин баёнотлари билан танилган "Бутунжаҳон рус халқ кенгаши" раҳбарларидан бири Роман Силантьев тургани айтилмоқда.
Айни пайтда на Россия куч тизимлари ва на Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси содир бўлаётган оммавий ҳибсга олишлар юзасидан бирор-бир расмий муносабат ёки кенг қамровли изоҳ бергани йўқ.

Изоҳлар мавжуд емас